Ғарбнинг Ғазода сулҳ тузиш ҳақидаги ваъдалари ёлғон бўлиб чиқди – Эрон Президенти
Олам
−
30 Сентябрь
3324АҚШ ва Европа давлатларининг ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлдирилишига Эроннинг жавоб бермагани эвазига блокададаги Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга ваъда берган баёнотлари мутлақо ёлғон бўлиб чиқди. Бу ҳақда кеча, 29 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён маълум қилди.
"Сионистик режимнинг жиноятларини қабул қилиб бўлмайди ва улар жавобсиз қолмайди. АҚШ ва Европа давлатлари раҳбарларининг Эрон Хония ўлдирилишига реакция билдирмаслиги эвазига ўт очишни тўхтатишга ваъда берган баёнотлари бутунлай ёлғон эди. Бундай жиноятчиларга имконият бериш уларни янада кўпроқ жиноят содир этишга ундайди", деган Пезешкиён.
Эрон Президентининг баёнотлари мамлакатда баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Кечаси бир гуруҳ фаоллар Эрон Олий Миллий Хавфсизлик Кенгаши олдида йиғилиб, расмийлардан бу баёнотларга жавоб беришни талаб қилишди.
Эрон 31 июль куни пойтахт Теҳронда ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлдирилиши ортидан Исроилга ўч олиш қарорини эълон қилди. Шу билан бирга, Теҳрон Ғазо секторидаги Исроил ҳужумларини бутунлай тўхтатиш эвазига ҳужум қилиш ниятидан воз кечиши ҳақидаги даъволар пайдо бўлди.
"Ҳужум билан миллий суверенитетини хавф остига қўйган Исроилни жазолаш учун қабул қилинган қарор ва Ғазода ўт очишни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида мавзулар, аммо сулҳ жараёнига зарар келтирмаслигимизга умид қиламиз", дейилади Теҳроннинг жавоб баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Исроилнинг Ливан пойтахти Байрутга берган зарбасида “Ҳизбуллоҳ” етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳалок бўлганди. Бундан ташқари, Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA хабарига кўра, худди шу Исроил ҳужумида “Ҳизбуллоҳ”га ёрдам бериш учун Эрондан Ливанга жўнатилган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ўринбосари, генерал-майор Аббос Нилфорушан ҳалок бўлган. 29 сентябрь куни Эрон расмийлари Нилфорушаннинг ўлимига расман изоҳ берди. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи унинг ўлдирилиши жавобсиз қолмаслигини айтди. Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён эса “Ҳизбуллоҳ” етакчисини ўлдиришда АҚШни айблади.
LiveБарчаси