Ғарбий Саҳрои Кабирда БМТнинг 35 йиллик тинчликпарвар миссияси тугади
World
−
14:17 772 3 minutes
БМТнинг Ғарбий Саҳрои Кабирдаги 35 йилдан бери фаолият юритган тинчликпарвар миссияси кеча, 1 ноябрь куни ўз фаолиятини якунлади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Маълум қилинишича, 1991 йилда ташкил этилган MINURSO миссиясининг ваколати бир неча бор узайтириб келинган. Унинг асосий вазифаси Ғарбий Саҳрои Кабирда сулҳга риоя этилишини кузатиш ва ҳудуднинг келажаги бўйича референдум ўтказилишига кўмаклашишдан иборат эди. Бироқ референдум шу кунгача ўтказилмаган.
Жорий йилнинг 30 октябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида АҚШ томонидан таклиф этилган резолюция лойиҳаси овозга қўйилган. У Марокашнинг Ғарбий Саҳрои Кабир устидан суверенитет талабини қўллаб-қувватлаш ва тинчликпарвар миссияни келгуси йилда якунлашни назарда тутган. Россия ушбу лойиҳага вето қўйган.
Шундан сўнг, Россия томонидан таклиф этилган миссия ваколатини узайтириш ҳақидаги муқобил резолюция ҳам етарли овоз тўплай олмаган. Натижада миссия фаолиятини давом эттириш учун ҳуқуқий асос қолмаган.
БМТ Бош котиби вакили Стефан Дюжаррикнинг билдиришича, 1 ноябрдан миссияни тугатиш жараёни бошланган. БМТнинг Операцион қўллаб-қувватлаш департаментига бўйсунувчи кичик гуруҳ ҳарбий контингентларга тегишли мол-мулкни ўз мамлакатларига қайтариш ва ташкилот жиҳозларини белгиланган тартибда топшириш ишларини назорат қилади.
Ғарбий Саҳрои Кабир Африканинг шимоли-ғарбида, Атлантика океани соҳилида жойлашган бўлиб, ҳудуд Марокаш ва мустақиллик тарафдори бўлган Полисарио фронти ўртасида баҳсли ҳисобланади. БМТ уни ўзини ўзи бошқармайдиган ҳудуд сифатида таснифлайди. Марокаш ҳудуднинг катта қисмини назорат қилади, Полисарио фронти эса мустақил Саҳрои Араб Демократик Республикасини ташкил этишни талаб қилмоқда.
1975 йилда Марокаш ҳудудни қўшиб олганидан сўнг томонлар ўртасида қуролли можаро бошланган. 1991 йилда БМТ воситачилигида сулҳ битими тузилган ва шу асосда MINURSO миссияси ташкил этилган. Бироқ 2020 йилда Полисарио фронти сулҳ битимидан чиққанини эълон қилган, шундан буён ҳудудда вақти-вақти билан тўқнашувлар кузатилмоқда.
Миссия фаолиятининг тугатилиши минтақадаги хавфсизлик вазиятига таъсир қилиши мумкин. БМТ Бош котиби томонларни Ғарбий Саҳрои Кабир аҳолиси ҳуқуқларини ҳурмат қилишга, вазиятни кескинлаштирмасликка ва эҳтиёткорликка чақирган.
Марокаш қироллик саройи миссия ваколатининг узайтирилмаганини олқишлаган. Полисарио фронти эса бу қарорни қабул қилиб бўлмайдиган деб атаган. Жазоир Ташқи ишлар вазирлиги ҳам қарордан афсусда эканини билдириб, АҚШ таклиф қилган резолюцияда Марокаш манфаатларига ҳаддан ташқари ён босилганини танқид қилган.
Миссия фаолиятини тугатиш Марокаш ва Жазоир ўртасидаги муносабатларни янада кескинлаштириши мумкин. Икки давлат 2021 йилда дипломатик алоқаларни узган. Жазоир Полисарио фронтини қўллаб-қувватлаб келади.
Маълумот учун, MINURSO миссиясининг 2026–2027 молиявий йил учун бюджети 62 миллион доллардан ошган. Унинг фаолияти давомида 20 нафар ходим ҳалок бўлган.
Live
All01 November
01 November
01 November