Ғарбда фаластинликларни қўллаб-қувватлаган журналистларга босим кучаймоқда – “Анадолу”

Олам

image

Фаластинликларни қўллаб-қувватлаган журналистлар Ғарб медиа ташкилотлари томонидан босим, ишдан бўшатиш ва таҳдидларга дуч келяпти. Бу ҳақда “Анадолу” нашри маълум қилди.

Исроил мисли кўрилмаган гуманитар инқирозни келтириб чиқарадиган Ғазо секторига ҳужумларини давом эттирар экан, Ғарбнинг етакчи медиа ташкилотлари ўз ходимларига Фаластин ҳақидаги маълумотларни цензура қилиш ва Исроил томонидан содир этилган ваҳшийликларни яшириш учун босим ўтказмоқда.

BBC'дан истеъфога чиққан Бассам Боуненни ва Фаластинни қўллаб-қувватловчи ижтимоий медиа постларини ўчиришдан бош тортгани учун ”Global News“ томонидан ишдан бўшатилган Заҳра ал-Аҳрас ”Анадолу” билан суҳбатда Ғазо урушида ҳақиқат учун кураш, зўравонлик, дезинформация, цензура, фаластинликларни қўллаб-қувватлаётган журналистлар дуч келаётган босимлар ва Ғарб давлатларида иш жойларини тарк этиш жараёнлари ҳақида сўзлаб берди.

“Исроилнинг ҳаракатларига қарши овозини баланд кўтарган журналистлар виждони ёки касблари ўртасида танлов қилишга мажбур”, дейилади унда.

Ғарб матбуотининг Исроилнинг жиноятларига нисбатан позициясини кескин танқид қилган Боуненни бу ҳолни “ҳайратланарли” ва “ҳафсалани пир қиладиган” деб таърифлади.

“Биз қанчадан-қанча янгиликлар, кўплаб текширилиши мумкин бўлган фактлар, жумладан, ҳуқуқ гуруҳлари томонидан эълон қилинган маълумотлар ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, шу жумладан Бош котиб томонидан берилган расмий баёнотларнинг цензура қилинишини кўрдик”, деган у.

Боуненнининг айтишича, Фаластин халқи 75 йилдан бери азоб чекаётганига қарамай, Ғарб матбуоти можарони 7 октябрда бошлангандек тасвирлаб, воқеаларни ёлғон аралаш таҳлил қиляпти.

У Ғазога киришнинг иложи йўқлиги ҳақидаги мақолалар, шифохоналар ва бошқа объектлар остидан туннеллар ўтгани ҳақидаги тўқималар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан йўлланган баёнотларнинг менсимай қабул қилиниши ортидан истеъфога чиқишга қарор қилганини айтди.

Боуненнининг сўзларига кўра, Ғазодаги тинч аҳолига Исроилдаги одамлар тақдирига бўлгани каби муносабатда бўлинмайди ва ғазоликларни террорчи қилиб кўрсатилади.У Ғарб давлатларида Фаластинни қўллаб-қувватловчи журналистларга нисбатан сезиларли босим борлигини ҳам айтиб ўтди.

“Оммавий ахборот воситалари фаолиятини кузатаётган кўплаб исроилпараст гуруҳлар томонидан катта босим бўлди. Ва шу сабаб бир қатор журналистлар истеъфога чиқишга мажбур бўлишди”, деган BBC'нинг собиқ журналисти.

Унинг қўшимча қилишича, фақатгина ижтимоий тармоқларда “Human Rights Watch” агентлигининг ҳисоботини баҳам кўргани учун Австралиядаги “ABC” телеканали журналисти Антоинетте Латтоуф ишдан бўшатилган.

Боуненни Ғарбдаги маънавий инқироз ҳақида сўз юритган ва шунга қарамай, ёш авлод кўп нарсаларнинг жонли гувоҳи бўлганлиги сабабли тафаккури ўзгаришидан умид қилаётганини қўшимча қилган. Ишдан кетиши сабаби ҳақидаги саволга “Компания мендан ижтимоий тармоқлардаги постларимни олиб ташлашимни сўради”, дея жавоб берган Заҳра ал-Аҳрас Фаластинни қўллаган журналистларга тез-тез таҳдид бўлаётганини урғулаб.

“Биз Фаластин тарафдорлари сифатида тез-тез таҳдидларга дуч келамиз ва бизни овозни ўчиришга уринишлар ортмоқда. Ҳатто статус-квога эътироз билдирмоқчи бўлганимизда, бизни нохолисликда айблашди”, деган аёл.

“Global News”дан ишдан бўшатиш жараёнини тасвирлаб берар экан, Аҳрас институтда ишлаган уч йиллик фаолияти давомида шахсий ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларига Фаластинни қўллаб-қувватловчи хабарларни жойлаштирганини ва нашр унинг сионизмга қарши постларидан безовта бўлганини айтган.

"Улар икки марта мендан Исроилни танқид қилган ва Фаластин халқини қўллаб-қувватловчи ижтимоий тармоқлардаги постларимни олиб ташлашимни сўрашди. Бироқ, юзлаб фаластинликлар ўлдирилган, ҳозир эса минглаб, ўн минглаб одамлар ўлдирилаётган пайтда жим туриш жуда оғир эканини ҳис қилдим ва ижтимоий тармоқларда аввалгидан ҳам кўпроқ постлар қўя бошладим”, деган у.

Постларни ўчиришни рад этганидан сўнг эса, улар Аҳрасни журналист сифатида номутаносибликда ва нохолисликда айблаган ва кейинчалик ишдан бўшатган.

Асл ҳолатни омма олдида эълон қилганидан сўнг, Аҳрасни кўплаб журналистлар қўллаб-қувватлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ғазода ўлдирилган журналистлар сони рекорд даражага етган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Фаластин Ғарб босим журналистлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг