Ғарб ёрдам бермаса, Украинада “Б” режа йўқ – Кулеба

Олам

image

Ғарб Киевни қурол билан таъминлашни тўхтатган тақдирда, Украинада "Б" режа йўқ. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба CNN телеканалига берган интервьюсида сўз очди.

Телеканал мухбири, агар Ғарб Киевни бошқа қурол билан таъминламаса, Украина қурол етишмаслигини қандай қоплаши ҳақида сўради.

“Бизда "Б" режа йўқ. Биз “А” вариантга ишонамиз. НАТО Бош котиби айтганидек, Украинага берилаётган ёрдам хайрия эмас. Бу НАТОни ҳимоя қилиш ва Америка халқининг фаровонлигини таъминлаш учун киритилган сармоядир”, дея таъкидлайди Дмитрий Кулеба.

Шу билан бирга, ТИВ раҳбари Россия Украинада назарий жиҳатдан ғалаба қозонса, келажакдаги сценарий қандай бўлиши мумкинлигини айтди. 

“Бу ҳолатда бошқа давлат раҳбарлари тажовузкор мамлакат йўлидан боришни хоҳлашлари мумкин. Ва бу АҚШдан сезиларли даражада юқори товон тўлашни талаб қилади. Ўзининг ташқи сиёсатидаги ҳисоб-китобларида Путин Украинада муваффақиятга эриша олишига ишонса, НАТО давлатига ҳужум қилишга журъат этмайди, деб ишонганлар катта хатога йўл қўяди ва улар ўз иш жойини ўзгартириши керак”, деган Украина Ташқи ишлар вазири.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги харажатдан қатъий назар, агар Украина бугун ёрдам олмаса, эртага тўловлар қиймати анча ошади. 

“Дарҳақиқат, шунинг учун ҳам давлатимиз “А” режасига ишонади, унинг устида ишламоқда ва биз уни амалга оширамиз. Эътибор беринг! АҚШ Конгресси 2023 йил охиригача Украина учун қўшимча маблағ ажрата олмади. Бу Оқ уйнинг янги ҳарбий ёрдам пакетларини эълон қила олмаслигига сабаб бўлди. Европа Иттифоқида ҳам музокаралар давом этмоқда. Улар Киевга 50 миллиард евро – давлатимизни қўллаб-қувватлаш учун тўрт йиллик жамғармага ўтказишни маъқуллаш масаласини муҳокама қилмоқда”, дейди Кулеба.

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши координатори Жон Кирбининг маълум қилишича, Конгресс қўшимча маблағ ажратиш ҳақидаги сўровни маъқулламагунча, Украина Қўшма Штатлардан кўпроқ қурол олмайди.

“Улар тўхташга мажбур бўлишади. Президент биз тўлдириш ваколатига эга бўлган охирги хавфсизлик ёрдам пакетини имзолади. Бу ҳаммаси. Украинага қўшимча ёрдам кўрсатиш учун бизга янги қонунлар керак”, деб таъкидлайди Кирби.

Унинг сўзларига кўра, қурол-яроғ етказиб бериш ҳақида эълон қилиш ва етказиб бериш ўртасида маълум бир кечикиш бор. Бу “бир неча кун ёки ҳафта” давом этади. Бинобарин, энг сўнгги эълон қилинган ҳарбий пакет яқин ҳафталарда Украинага етиб бориши керак.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳарбий ёрдамининг сўнгги пакети 27 декабрь куни эълон қилинган эди. Унинг умумий миқдори 250 миллион долларни ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Киев Ғарб Дмитрий Кулеба

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг