Гамбургдан Аляскагача: Трамп ва Путиннинг натижасиз учрашувлари тарихи

Таҳлил

Аляскадаги саммит Трамп ва Путин ўртасидаги расмий ва барчага маълум бўлган олтинчи учрашув ҳисобланади. Агар Трампнинг бундан 12 йил олдин берган интервьюсига ишонилса, 15 августдаги учрашув у ва Путин учун еттинчиси бўлади. Бунгача улар дунёнинг турли нуқталарида халқаро саммитларда юзма-юз келган. 2017, 2018 ва 2019 йилларда ўтган бир нечта учрашувлар шулар жумласидандир. Бугун ўша музокаралар ва қисқа кечган суҳбатларга бирма-бир тўхталамиз. 

Номаълум учрашув

Трамп ва Путин ўртасидаги учрашувлар фақатгина расмий даражада кечмаган. Дональд Трамп Россия етакчиси билан тадбиркор сифатида ҳам учрашганини айтиб ўтган. Асримизнинг иккинчи декадаси бошида Трамп Россияни тез-тез тилга олишга одатланган. 2013 йилда эса Дэвид Леттерманнинг бутун дунёга машҳур шоусида Трамп бепарволик билан Путин билан бир марта учрашганини эслатиб ўтган ҳамда уни “ақлли” ва “мустаҳкам” дея таъкидлаган. Бироқ Трамп бу биринчи учрашув қачон ва қаерда содир бўлганига аниқлик киритмаган.

1-расмий учрашув – Гамбург

Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги барча расмий учрашувлар Аляскадаги саммитга қадар Трампнинг биринчи президентлик муддати давомида ўтказилган. 2017-2019 йиллар оралиғида улар 5 маротаба учрашган.

Биринчиси, 2017 йилнинг 7 июлида Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтган G20 саммитида доирасида ташкиллаштирилган. Мазкур учрашув икки соатдан кўпроқ давом этган. Бу пайтда АҚШ президентлиги сайловида Россиянинг аралашуви ва бунинг натижасида Трамп кутилмаганда ҳокимият тепасига келгани ҳақидаги гап-сўзлар жуда кўпайганди. Аммо икки давлат раҳбари ушбу можароли ҳолатда ҳам ўзаро учрашувлари мавзусини, асосан, манфаатли соҳаларга, жумладан, киберҳужумларга қарши курашиш ва Сурияда давом этаётган урушни тугатиш каби масалаларга бағишлади. Путин бу суҳбатда  2014 йилда Россиянинг Қримни аннексия қилиши ва Донбасс минтақасидаги кейинги жанглар туфайли Москвага қўйилган санкцияларни юмшата олмади. Аммо икки еткачи ўша куни Суриянинг айрим қисмларида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганди.

2-расмий учрашув – Вьетнам

Трамп ва Путиннинг иккинчи расмий учрашуви 2017 йилнинг 11 ноябрь куни Вьетнамнинг Да Нанг шаҳрида бўлиб ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида бўлиб ўтди. Биринчисидан фарқли ўлароқ, бу учрашув норасмий ва жуда қисқа бўлди. Шундай бўлишига қарамай, улар яна Суриядаги уруш ва Россиянинг 2016 йилги сайловларга аралашуви масаласи муҳокама қилди. Кейинроқ Трамп Россия етакчисининг бу ишларга алоқадорлигини рад этиб, “Путин мени ҳар гал кўрганида, “мен бундай қилмаганман” дейди ва мен унинг сўзларига ишонаман”, дея баёнот берганди. 

3-расмий учрашув – Ҳелсинки

Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг энг машҳур учрашуви 2018 йил 16 июль куни Ҳелсинкида бўлиб ўтган. Путин Россияда Жаҳон чемпионати тугаши билан эртаси куни Финландияга учганди. Матбуот анжуманида Россия мезбонлигида ўтган Футбол бўйича Жаҳон чемпионатида ўйналган тўпнинг Путин томонидан Трампга совға қилиниши билан эсда қолган ушбу учрашув бошқа жиҳатлари билан ҳам ёдда қолган. Чунки Ҳелсинкидаги саммитда ҳам яна ўша 2016 йилги сайлов можараси ҳали ҳам долзарб эди. Бу пайтда махсус прокурор Роберт Мюллернинг 2016 йилги АҚШ сайловларига Россиянинг аралашуви бўйича тергови ва 12 рус разведка зобити демократик нишонларга киберҳужумларда айбланаши эътибор марказида эди. 

Финландиядаги учрашув эса Трамп ва Путиннинг фақат таржимонлари ҳамроҳлигидаги икки соатлик шахсий учрашуви билан бошланди. Шундан сўнг улар қўшма матбуот анжумани ўтказиб, Трамп сайловларга аралашиш масаласига алоҳида тўхталди. У АҚШ разведка идоралари томонидан билдирилган хавотирларни тан олди, аммо Путиннинг ишга алоқаси йўқлигини таъкидлади. Шундан сўнг, Трамп Путинни ҳимоя қилгани туфайли нафақат демократлар, балки ўзи мансуб республикачиларнинг ҳам танқидлари остида қолди. Жуда кўпчилик махсус прокурор терговларидан кейин Трамп ниҳоят сайловга аралашиш масаласида Россия Президентига қарши туриши ва уни қоралашини кутганди. Аммо Трамп бундай қилмади ва унинг мазкур ёндашуви АҚШ сиёсий доираларидаги норозиликларни кучайтириб юборди. Шу тариқа Финландиядаги саммит ҳам бирор бир сиёсий ютуқларга ва ижобий ўзгаришларга олиб келмади.

Барбод бўлган 4-учрашув – Буенос-Айрес

Ҳелсинки саммитидан сўнг, улар 2018 йилда яна бир бор учрашди. Ўша йилнинг 1 декабрь куни Буенос-Айресда G20 саммити бўлиб ўтди. Ўша куни улар расмий тарзда учрашиши керак эди. Бироқ Россия Украина ҳарбий-денгиз кучларининг учта кемасини қўлга олгани туфайли, Трамп ҳозирги Х тармоғи орқали бу учрашувни тўсатдан бекор қилганини ёзди. Аммо 1 декабрдан бир кун олдин улар ёпиқ тарзда гаплашиб олгани маълум бўлди. Улар саммитда очиқ учрашмаган бўлсалар-да, 30 ноябрь куни дунё етакчилари учун уюштирилган кечки зиёфат чоғида расмийлар иштирокисиз яккама-якка гаплашгани айтилганди. 

5-расмий учрашув – Осака

Трамп ва Путиннинг Аляскага қадар ўтказган сўнгги учрашуви 2019 йил 28 июнь куни Японияда бўлади. Бунда ҳам улар  G20 саммити баҳонасида учрашганди. Ушбу учрашув Россиянинг 2016 йилги президентлик сайловларига аралашувини тасдиқловчи Мюллер ҳисоботи ниҳоят эълон қилиниши фонида бўлиб ўтади. Икки етакчининг қисқача суратга тушиш вақтида журналист Трампдан Путинга кейинги йилги АҚШ сайловига аралашиш масаласида қаршилик кўрсата оласизми, деб сўрайди. Трамп эса 2020 йилги президентлик пойгасини назарда тутиб, Путинга шунчаки “илтимос, сайловга аралашманг”, дея ҳазиллашади. Шунингдек, Осакадаги саммит доирасида Путин Трампни 2020 йилда Россияда ўтказиладиган Ғалаба куни парадига таклиф қилади. Аммо Трамп бу тадбирда иштирок этмагани кўпчиликка маълум.

Узоқ йиллик ҳурматдан Аляскадаги саммитгача

Юқорида қайд этилган учрашувларнинг деярли барчаси можароли муҳитда ўтган. Аниқроқ қилиб айтганда эса зиддият икки шахс ўртасида кечмаган. Бу муаммо Трампнинг 2016 йилги АҚШ президентлиги сайловида қўлга киритган ғалабаси билан боғлиқ эди. Ўшанда йил давомида сўровномаларнинг катта қисмида Ҳиллари Клинтон устун келганди. Аммо якунда Трамп кутилмаганда ўша сайловда қўли баланд келиб, Клинтондан ғалабани илиб кетган. Шундан сўнг, россиялик хакерларнинг АҚШ сайловларига аралашуви ҳақидаги тахминлар ўртага чиқди. Бу эса Трампга бутун бошли биринчи муддати давомида, кейинги 4 йиллик бошқарувида доимий муаммолар туғдирди. Айниқса Путин билан учрашган ҳар бир саммитида айнан шу масала ўртага чиқаверарди. 

Аммо у Путин билан илиқ муносабатларни сақлаб қолди. Иккинчи бор президентлик мандатини қўлга киритгандан кейин ҳам ярим йил давомида Россия Президенти манзилига Трамп томонидан кескин ёки жиддий кўринишдаги сигнал юборилмади. Бироқ жорий йил ёзга келиб Трамп Путинга қарши баёнотлар беришни бошлади. У урушни тўхтатмас экан, Россия ва унинг ҳамкорларини оғир оқибатлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирди. Орадан кўп ўтмай икки етакчи ниҳоят гаплашиб олишга, тўғрироғи, қуруқ телефон суҳбати эмас, балки юзма-юз келишга қарор қилди.

Шу боис Аляскадаги саммитни бир неча ой олдин Трампнинг ўзгарган риторикаси ҳосиласи дейиш мумкин. Акс ҳолда Россия раҳбари Кремлда телефон ортидан туриб Трампни алдашда давом этиши, Украина устида эса Shahed дронлари ёғилишда давом этиши мумкин эди. Аммо шундай бўлишига қарамай, Трамп Аляскадаги саммитни Путин истагани, бу Россия етакчисининг илтимосига кўра амалга ошаётганини билдирди. Нима бўлган тақдирда ҳам 15 августдан 16 августга ўтар кечаси тун жуда узоқ чўзилади. Хуллас, барчанинг нигоҳи Аляскада.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Владимир Путин Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг