Габон ҳарбий раҳбари ўтиш даври президенти сифатида қасамёд қилди

Олам

image

Габонда ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар етакчиси генерал Брис Клотер Олиги Нгуема мамлакатнинг ўтиш даври президенти сифатида қасамёд қилди. Маросимни “Gabon Media Times” янгиликлар портали Либревилдаги Конституциявий суд биносидан жонли эфирда намойиш этди.

“Халқ манфаатлари йўлида ўз бурчимни бажаришга, мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга қасамёд қиламан”, деган Олиги Нгуема. 

Қасамёдни Габон Конституциявий суди қабул қилди, унинг ваколатлари ҳарбийлар томонидан тикланди. Яқин соатларда Габоннинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари тайинланиши кутилмоқда.

Қайд этиш жоизки, генерал Олиги Нгуема Габон Қуролли Кучларида шон-шуҳрат ва катта таъсирга эга. У 50 йил аввал Габон армияси зобити оиласида туғилган. Унинг онаси олдинги президент Омар Бонгонинг амакиваччаси бўлган. Ҳарбий мартабани орзу қилиб, Республика гвардиясига хизматга кирган Олиги Нгуемага у ерда Омар Бонго ҳомийлик қилган. У ёш офицерни Марокашдаги Қироллик ҳарбий академиясига ўқишга юборган, сўнгра унга Габоннинг экваториал ўрмонларидан бирида жойлашган ўқув марказида махсус кучлар курсларини ўташ имконияти берилган.

2009 йилда Олиги Нгуема дастлаб Габоннинг Марокашдаги, кейин эса Сенегалдаги элчихонасига ҳарбий атташе этиб тайинланган. У 2018 йилда полковник унвони билан Габонга қайтиб келди ва республика гвардияси бўлинмаси ҳисобланган Махсус хизматлар бош бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. 2020 йилда Олиги Нгуема Республика гвардиясини бошқарган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 август куни Габондаги ҳарбий гуруҳ жамоат телевидениеси орқали 14 йилдан бери ҳокимиятда бўлган ва 26 август куни учинчи муддатга қайта сайланган Президент Али Бонгонинг истеъфога чиқарилишини эълон қилганди. Кейинчалик Али Бонго уй қамоғига, ўғли эса ҳибсга олинди


Мақола муаллифи

Теглар

давлат тўнтариши Габон Олиги Нгуема

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг