G7 ва ЕИ Хитойдан КХДРга “акалик” қилмасликни сўрамоқчи
Олам
−
22 Июль 2023
5960G7 давлатлари, Европа Иттифоқи ва яна уч давлат Хитойдан Шимолий Кореяга БМТ санкцияларидан қочишда, хусусан, Хитой ҳудудий сувларидан фойдаланишда ёрдам бермасликни сўрамоқчи. Бу ҳақда Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Жунга юбориладиган мурожаат лойиҳасига таяниб, “Reuters”хабар берди.
Айтилишича, бу борада АҚШ, Канада, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия ва Япония, шунингдек, Европа Иттифоқи, Австралия, Жанубий Корея, Янги Зеландия вакиллари томонидан ҳужжат имзоланган.
“КХДР билан санкцияланган нефть маҳсулотлари савдосини осонлаштириш учун Саньша кўрфазидаги сизнинг ҳудудий сувларингиздан бошпана сифатида фойдаланадиган кўплаб нефть танкерлари мавжудлигидан хавотирдамиз”, дейилади ҳужжатда.
Мурожаат муаллифлари Хитой томонидан ушбу кемаларда нефть контрабандаси белгилари бор-йўқлигини текширишни, уларга хизмат кўрсатишдан бош тортишни ва агар улар яна Саньша кўрфазида топилса, уларни имкон қадар тезроқ сувларидан ҳайдаб чиқаришни сўраш ниятида.
Бундан ташқари, G7 ва Европа Иттифоқи танкерларга хизмат кўрсатадиган компанияларга санкциялар билан таҳдид қилмоқда. Шунингдек, хатга сунъий йўлдошдан олинган суратлар илова қилиниши, унда бу воқеалар Хитой юрисдикциясида 2022 йилда содир бўлгани ва 2023 йилда ҳам давом этгани келтирилиши назарда тутилган.
Маълумот учун, Шимолий Корея ҳозирги кунга қадар энг қаттиқ санкция режимларидан бири остида. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилинган 2397-сонли резолюцияда мамлакатга нефть ва қайта ишланган маҳсулотлар етказиб беришда чекловлар назарда тутилган. Бунга Пхеньяннинг баллистик ракеталар ва ядро қуролларини ишлаб чиқишда давом этиши сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея санкциялар ва чекловларга қарамасдан ракеталарни учиришни давом эттирмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 12 июль куни “Хвасон-18” қитъалараро баллистик ракетаси, 19 июль куни Япон денгизи йўналиши бўйича яна бир баллистик ракета, бугун 22 июль куни эса Сариқ денгиз томон бир нечта қанотли ракеталар учирилди. КХДРнинг БМТдаги доимий вакили Ким Сон Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ракета синовлари мамлакатнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш ҳуқуқига мувофиқ амалга оширилаётганини билдирган.
LiveБарчаси