G7 лидерлари барча мамлакатларни Путинга шарт ва талаб қўйишга чақирди
Олам
−
11 Октябрь 2022
8190Бугун, 11 октябрь куни Катта еттилик гуруҳи давлатлари (Буюк Британия, Германия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Япония) етакчилари Украина атрофидаги вазият бўйича онлайн режимда ўтган йиғилишдан сўнг, қўшма баёнот қабул қилди. Уни Германия Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати тарқатди.
Катта еттилик давлатлари Россиянинг Қрим ва Севастополдан ташқари Украинанинг Донецк, Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларини аннексия қилишга ноқонуний уринишини қоралайди ва сўзсиз рад этади. Улар ҳеч қачон Россия ўзини оқлаш учун фойдаланадиган сохта референдумларни тан олмайди.
Давлат раҳбарлари барча мамлакатларни халқаро ҳуқуқ бузилишини сўзсиз рад этишга ва Россиядан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни ҳамда Украина ҳудудидан барча куч ва ҳарбий техникасини зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетишни талаб қилишга чақирди.
G7 Украинанинг яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳудудни халқаро ҳуқуқ, хусусан, БМТ Низоми асосида ҳимоя қилиш ва унинг устидан тўлиқ назоратни тиклаш ҳуқуқини тасдиқлайди.
“Катта еттилик” Киевга молиявий, гуманитар ва ҳарбий ёрдамни керагича давом эттириш ниятида, шунингдек, Киевга қишга тайёргарлик кўришда ёрдам беришга тайёр.
Раҳбарларнинг фикрича, Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш учун мамлакатни қайта қуриш, жумладан, Россия маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши керак.
“Катта еттилик” гуруҳи аъзолари “урушдан кейинги ҳаётий тинчлик келишувига эришиш учун биз тегишли давлатлар ва институтлар ҳамда Украина билан келишувларга эришишга тайёрмиз”, деб ишонтирди. Бу келишувлар барқарор хавфсизлик мажбуриятлари билан бир қаторда Украина ўзини ҳимоя қила олиши, эркин ва демократик келажакни таъминлай олиши ҳамда Россиянинг келажакдаги тажовузини тўхтата олиши кафолатларига тегишли.
“Катта еттилик” Россияни жиноятлар учун жавобгарликка тортиш зарурлигини эълон қилди.
Иттифоқдошлар Минскни Украинада махсус операция ўтказишда Москвага ёрдам беришни тўхтатишга чақирди.
Шунингдек, лидерлар, Украинада кимёвий, биологик ёки атом қуролларидан фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.
G7 “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим-2” қувурларига қасддан зарар етказилганидан чуқур хавотир билдирди ва улар муҳим инфратузилмани атайлаб йўқ қилинишини кескин қоралашларини ва давом этаётган терговларни олқишлашларини кўрсатдилар.
Баёнотда таъкидланишича, мамлакатлар Россия тажовузининг глобал иқтисодий барқарорликка салбий таъсирини бартараф этиш учун, шу жумладан, G7 мамлакатларида ва ундан ташқарида энергия хавфсизлиги ва арзонлигини таъминлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш орқали яқин мувофиқлаштирилган ҳолда ҳаракат қилади.
G7 давлатлари МАГАТЭнинг Запорожье АЭСнинг хавфсиз ишлашини таъминлашга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашларини, шунингдек, Россиянинг ЗАЭСдаги хатти-ҳаракатларини ва унинг ходимларига кўрсатилаётган босимни қоралашларини маълум қилишди. Бу вазиятнинг янада масъулиятсиз кескинлашувидир ва давлатлар унинг ҳаракатлари оқибатида юзага келган ҳар қандай ҳодиса учун Россияни жавобгарликка тортиш ниятида.
Украина Президенти Владимир Зеленский G7 давлатлари етакчилари билан онлайн маслаҳатлашув чоғида Россия етакчиси Владимир Путин билан музокара ўтказмаслигини яна бир бор айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь