G7 давлатлари Украинага қурол етказиб беради
Олам
−
09:36 2360 2 дақиқа
Франциянинг Эвиан-ле-Бен шаҳрида бўлиб ўтган G7 саммитида иштирок этган давлатлар раҳбарлари Киевни қўллаб-қувватлаш ва Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга қаратилган янги чораларни келишиб олди. Бу ҳақда томонлар қабул қилган қўшма баёнотда айтилади.
Баёнотда айтилишича, G7 давлатлари Россиянинг мудофаа-саноат мажмуаси ва ҳарбий иқтисодиётига босимни ошириш, айниқса нефть-газ соҳасидаги чекловларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишга келишиб олган.
Саммит иштирокчилари Россиянинг нефть ва газ секторига қарши қўшимча чораларни жорий этиш учун ҳозир энг қулай пайт юзага келганини таъкидлаган. Бунга АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан Ҳормуз бўғозининг очилиши бўйича келишув имзолангани сабаб сифатида кўрсатилган.
Шунингдек, G7 мамлакатлари Украинани “қўллаб-қувватлаш” сиёсатини яна бир бор тасдиқлаган. Хусусан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, қўшимча зенит мажмуалари, тутиб қолувчи ракеталар ҳамда узоқ масофага мўлжалланган қурол-яроғ етказиб беришни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, G7 Украинага ўз ҳудудида ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини берувчи лицензияларни тақдим этиш масаласини ҳам кўриб чиқади.
Давлатлар, шунингдек, Украинага келаётган қиш мавсумини ўтказишда ёрдам бериш мақсадида энергетика соҳасидаги кўмакни давом эттиришга ваъда берган.
Маълумот учун, G7 таркибига Германия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Япония ва Канада киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Эрон билан тинчлик келишуви имзоланиши ва Ҳормуз бўғози очилиши фонида Россия нефтига нисбатан санкцияларни қайта тиклашни режалаштираётганди.
Live
Барчаси