G7 давлатлари кўмирдан воз кечяпти
Олам
−
30 Апрель
3394G7 мамлакатлари Энергетика вазирлари 2030 йилларнинг биринчи ярмигача электр энергияси ишлаб чиқаришда кўмирдан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатиш бўйича принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда кеча, 29 апрель куни Туриндаги учрашувда Италия Энергетика вазири Жилберто Пикетто-Фратин маълум қилди.
“Техник келишув бор”, деган вазир.
Якуний келишув бугун, 30 апрель куни имзоланиши керак. Кейин иқтисодиётни карбонсизлантириш бўйича батафсил режа эълон қилинади.
Якуний келишув БМТнинг 2023 йилда Дубайда бўлиб ўтган иқлим конференциясида келишилган мақсадларга эришиш йўлидаги қадам бўлади. COP28 якуний ҳужжати қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечишни талаб қилади, лекин кўмир, нефт ва газни босқичма-босқич тўхтатишни аниқ кўрсатмайди.
G7 давлатлари 2023 йилда кўмир электр станцияларини босқичма-босқич тўхтатишга келишиб олган, бироқ давлатлар умумий сана бўйича келиша олмаган. Жорий йилда G7’га раислик қилаётган Италия 2025 йилгача Сардиния оролидагилардан ташқари барча кўмир электр станцияларини ўчириб қўйиш ниятида. Ҳозирда электр энергиясининг 26 фоизи кўмирда ишлайдиган электр станцияларидан олинадиган Германия эса 2038 йилгача кўмирдан бутунлай воз кечишни режалаштирган.
LiveБарчаси