ФВВ таркибида янги диспечерлик хизмати ташкил этилади
Жамият
−
19 Март 2019
5648Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.
Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги таркибида Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш диспетчерлик хизмати ташкил этилади.
Эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахслар, шунингдек уларнинг вакиллари томонидан техник воситалар (видео қўнғироқлар, матнли хабарлар, махсус дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда қўнғироқлар ва бошқалар) орқали бўладиган мурожаатларга шошилинч оператив хизматларнинг (101, 102, 103, 104, 1050) кечаю кундуз, тезкор жавоб беришларини таъминлаш диспетчерлик хизматининг асосий вазифаси ҳисобланади.
Шунингдек, қарорга мувофиқ эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларнинг шахсий маълумотлари электрон базаси яратилади.
2019 йил 1 июлга қадар эшитиш ва нутқида муаммоси бўлган шахсларга шошилинч оператив хизматлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, шу жумладан мобил алоқа сервисларидан фойдаланиш бўйича бепул хизмат кўрсатиш имконини берувчи ахборот тизими жорий этилади.
LiveБарчаси