Футболчиларни танқид қилган Алишер Қодиров улардан фахрланишини айтди
Спорт
−
01 июл 6774 3 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги натижаларини танқид қилган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров бугун, 1 июль куни футболчилардан фахрланишини айтди. Бу ҳақда у жамоа аъзоларини кутиб олиш маросимида сўз очди.
“Бизнинг болаларимиз Жаҳон чемпионатига чиқиш деган тарихни яратишди. Бунинг ўзи аслида ҳақиқатан ҳам катта тарих. Лекин ҳар қандай тараққиёт биринчи йиқилиш ва бу йиқилишдан кейин ўриндан тура олиш деган машаққатни талаб қилади. Тарихнинг энг оғир синови мана шу йигитларга тушди. Булар жуда оғир нарсани кўтаришди – бизни Жаҳон чемпионатига олиб чиқиб беришди”, дейди Алишер Қодиров.
Шунингдек, у Ўзбекистон футболининг олдинги даражасига ҳам тўхталган.
“Бизнинг футболимиз Осиё даражасидан тепани орзу ҳам қила олмай юрган бир даврларни биламиз, кечагача шунақа аҳвол эди. Лекин бу йигитлар бизни жаҳон даражасига, яъни мундиал оиласига олиб киришди ва у ерда, ишончим комил, жуда кучли рақиблар билан қаттиқ ўйин бўлди. Биз натижа кутаётганимиз йўқ эди. Лекин мана шу матонат, мана шу шижоат, албатта, ўзини кўрсатди ва биз бунинг учун йигитларга раҳмат айтишимиз керак”, дейди у.
Шу билан бирга, Алишер Қодиров футбол ривожини Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёти билан қиёслаган.
“Бундан 10 йил олдин Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 50 миллиард доллар эди ва биз бундан норози эдик. Биз олдимизга мақсад қўйдик, 150 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулотимиз бўлади деб. 150 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулотга олти йилда эришдик. Розимизми? Йўқ, яна норозимиз. Энди 250 миллиард долларлик ялпи ички маҳсулотимиз бўлиши керак. Ҳар бир киши бошига ялпи ички маҳсулотимизнинг даромади 1,7 минг доллар эди. Розимидик? Норози бўлдик, 3,5 минг долларга кўтардик. Розимизми? Яна норозимиз. Нимага? Чунки потенциал 10 минг долларни талаб қиляпти ва биз шу йўлда интиляпмиз.
Биз йигитларни Осиёда юрганига розимидик? Норози эдик, Жаҳон чемпионатига чиқсин деяётган эдик. Чиқишди, розимизми? Норозимиз. Жаҳон чемпионатидан муваффақият талаб қиламиз”, дейди у.
Бундан ташқари, Алишер Қодиров муваффақият атрофида бирлашиш жуда осонлигини, лекин мағлубият пайтида бирлаша олиш ҳам ўзбек халқига хос бўлган хусусият эканини қайд этган ва футболчиларга омад тилаган.
“Худо хоҳласа, кейинги жаҳон чемпионатларида бу йигитлар мана шу аламзадалик билан, халқимизга хос бўлган ўжарлик билан, албатта, бу муваффақиятларни ҳам бизга олиб келишади. Йигитлар, муваффақият! Биз сизлар билан ғурурланамиз. Албатта, муваффақият атрофида бирлашиш жуда осон. У байроқ кўтариб хурсанд бўлиш жуда осон ютган пайтда. Лекин мағлубият пайтида атрофда бирлаша олиш ҳам бизнинг халқимизга хос бўлган хусусият.
Менинг ишончим комил, бутун халқимиз, футбол мухлислари бугун мана шу жамоа атрофида бирлашади. Президентимиз бошчилигида кеча эълон қилинган футболни тубдан ислоҳ қилиш ғояларини албатта амалга оширамиз ва Ўзбекистон кейинги жаҳон чемпионатида нафақат гуруҳдан чиқиш, балки ундан кейинги даражаларга ҳам албатта эришади. Раҳмат, муваффақият!” дейди у сўзининг якунида.
Live
Барчаси