Футбол мухлислари диққатига! Мундиалнинг чипта нархлари эълон қилинди
Спорт
−
03 Октябрь 10352 2 дақиқа
2026 йилнинг 19 июль куни АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги “MetLife” стадионида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатининг финал баҳси учун мўлжалланган чипталар нархи эълон қилинди. Бу ҳақда “BeinSports” маълум қилди.
Америка Қўшма Штатлари, Канада ва Мексика яшил майдонларида ўтказиладиган Жаҳон чемпионатига 9 ойдан камроқ вақт қолди. Бир қатор терма жамоалар ҳали мундиал йўлланмаси учун курашмоқда.

Жори йил июль ойида FIFA 2026 йилги Жаҳон чемпионати чипталарини бир вақтнинг ўзида эмас, балки босқичма-босқич чиқаришини маълум қилган. Бунга сабаб, кўплаб мамлакатлар ҳали саралашдан ўтмаган.
Манба маълумотларига кўра, Жаҳон чемпионати беллашувлари учун чипталар 1-тоифадан (энг қиммат) 4-тоифагача (энг арзон, майдондан энг узоқда жойлашган) бўлган тўрт тоифага бўлинган.
Мексикадаги очилиш ўйинида энг арзон тоифадаги чипталар нархи 370 доллардан, энг қиммат тоифадаги чипталар нархи 1825 долларгача бўлади.
Канададаги баҳсларга старт берувчи ўйин учун нархлар 355 доллардан 1745 долларгача бўлса, Қўшма Штатлардаги очилиш ўйини учун чипталар нархи 560 доллардан бошланиб, 2735 долларгача етади.
Гуруҳ босқичи доирасидаги ўйинлар учун – 60 доллардан 805 долларгача. Учинчи ўрин учун – 165 доллардан 1000 долларгача
82 500 томошабинга мўлжалланган “MetLife” стадиони мундиал финалига мезбонлик қилади. Мухлислар финал ўйини учун қуйидаги нархларда чипталарни харид қилиш имкониятига эга бўлади:
1-тоифа (пастки трибуналардаги ўйинни кўриш максимал қулай бўлган ўриндиқлар): 6370 доллар.
2-тоифа (пастки ва юқори трибуналар): 4210 доллар.
3-тоифа (асосан юқори трибуналар): 2790 доллар.
4-тоифа (1, 2 ва 3-тоифа ҳудудларидан ташқарида, юқори трибуналар): 2030 доллар.
Маълумот учун, 2022 йилги Жаҳон чемпионатининг финал баҳси учун мўлжалланган чипталар нархи 206 доллардан бошланган. Энг қиммат тоифадаги чипта нархи эса 1607 долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилги Жаҳон чемпионати давомида “ADIDAS TRIONDA” тўпидан фойдаланилиши ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳонгир Иномжонов