Фуқароларни Европага ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди
3-саҳифа
−
01 Июль
3992Ўзбекистонда фуқароларни Буюк Британия, Канада ва Европа Иттифоқига ишлаш учун юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро А.Ш. фуқаро Ш.Б. ва бошқаларнинг ишончига кириб, уларни Англия давлатига ишлаш учун юборишни ваъда қилган. Эвазига уларнинг 18 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Департаментнинг Олтинкўл туман бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса фуқаро Х.Т. фуқаро С.К.нинг ишончига кириб, уни Канада давлатига ишга юбориши эвазига 3 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.Ж. фуқаро Э.Х.ни 1 500 АҚШ доллари эвазига Сербия ёки Болгария давлатларига ишлаш учун виза олиб беришини айтиб, шундан 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
“Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда фуқарони АҚШга юборишини айтиб, Африкага жўнатган шахс ушланганди.