Фуқаролар тўлаган солиқларни ДСИ ходимларининг ўзи еб юборди
Жамият
−
07 Август 2023 11673 1 дақиқа
Қорақалпоғистон Республикасида солиқ идораси масъул шахслари фуқароларнинг 119,7 миллион сўмлик солиқ тўловларини ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Беруний туман бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Текширувда туман ДСИ масъул шахслари 86 нафар жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи учун тўланган жами 119,7 миллон сўмлик солиқ тўловларини банк кассасига кирим қилмасдан, уларга қалбаки чеклар бериш орқали фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро, Наманган ва Андижон вилоятларида ҳам ўзгаларнинг пулларини ўзлаштиришга уринган Ички ишлар бошқармаси, солиқ, Миллий гвардия ходимлари қўлга олинган эди. Шунингдек, жорий йилнинг 2 август куни Президент Шавкат Мирзиёев фаолиятини лозим даражада амалга оширмаган 26 та солиқ идораси раҳбарларини вазифасидан озод қилганди.
Live
Барчаси