Фуқаролар тарвуз-қовундан заҳарланиб вафот этдими?
Жамият
−
02 Июнь 15811 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқда Ўзбекистонда қовун ва тарвуз маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида бир неча фуқаронинг вафот этганлиги тўғрисидаги хабар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси республикада бу каби ҳолатлар қайд этилмаганини ва хабар асоссизлигини маълум қилди.
Қайд этилишича, полиз маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиш ҳолатлари учраб туриши мумкин ва унга бир неча омиллар сабаб бўлади:
- одам организмининг ўзига хос хусусиятларига;
- бир пайтда истеъмол қилиш мумкин бўлмаган маҳсулотларнинг аралаштириб истеъмол қилиниши;
- полиз маҳсулотининг эскириб қолганлиги (кесилгандан кейин узоқ вақт туриб қолганлиги);
- улар таркибида нитрат ва нитритларнинг меъёрдан ортиқлиги ва бошқалар.
Санепидқўмита аҳолини полиз маҳсулотларини харид қилишда қуйидагиларга эътибор қаратишга чақирди:
- фақат рухсат этилган (савдо расталари, бозор ҳудуди, савдо мажмуалари) жойлардан полиз маҳсулотларини харид қилиш;
- полиз маҳсулотларни харид қилиш жараёнида лаборатория текширувларидан ўтганлигига эътибор қаратиш;
- катта (магистраль) йўл ёқалари, аҳоли яшаш мавзеларида сотилаётган полиз маҳсулотлари лаборатория текширувларидан ўтмаган бўлиши мумкинлигини унутмаслик!
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилоятида етиштирилган қовун маҳсулотларида нитрат миқдори меъёрдан ортиқ экани ва уни истеъмол қилган фуқаролар заҳарланаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги эса тармоқларда тарқалган видеолавҳадаги қовун навларининг Сурхондарё вилоятида етиштириладиган маҳсулотларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.
Live
Барчаси