Францияда яна тартибсизлик: 70 минг полициячи сафарбар этилади
Олам
−
09:44 641 2 дақиқа
Францияда бугун, 31 октябрь куни мамлакат бўйлаб ўтказилиши режалаштирилган норозилик намойишлари вақтида жамоат тартибини сақлаш учун 70 минг нафар полициячи сафарбар этилади. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, намойишлар турмуш даражасининг пасайиши, давлат хизматлари ва ҳукумат сиёсатидан норозилик фонида ўтказилмоқда. Ички ишлар вазири Лоран Нюне вазиятни кескин деб баҳолаб, ҳар қандай тартибсизликка қатъий жавоб берилишини билдирган.
Расмийлар тартибсизликлар иштирокчилари шахсини яшириш учун Хеллоуин ниқобларидан фойдаланиши мумкинлигидан ҳам хавотирда. Вазирнинг таъкидлашича, жамоат тартибига хавф туғилган ҳолатларда полиция фуқаролардан юзларини очишни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Норозилик намойишлари сентябрь ойи охирида, ҳукумат 2027 йилги давлат бюджети бўйича музокараларни бошлаганидан сўнг кучайган. Намойишларга талабалар, касаба уюшмалари ва “Сариқ нимчалилар” ҳаракати вакиллари қўшилган. Улар яшаш харажатларини камайтириш, таълим тизимини яхшилаш ва ёқилғи нархини пасайтиришни талаб қилмоқда.
Аввалги намойишларда Франциянинг турли шаҳарларида дўконлар, жамоат бинолари ва бизнес объектларига зарар етказилган. Савдо палатаси чакана савдо корхоналарига етказилган зарарни 1 миллиард евродан ортиқ деб баҳолаган. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, суғурта билан қопланмайдиган зарар ва йўқотилган даромадлар қўшиб ҳисобланганда, умумий миқдор бундан икки баравар кўп бўлиши мумкин.
Шунингдек, ҳукумат тартибсизликларни содир этган шахсларни улар етказган зарар учун 10 минг еврогача тўлашга мажбур этувчи қонун лойиҳасини илгари сурмоқда. Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари ва айрим адвокатлар бу ташаббус тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган.
Маълумотларга кўра, Франциядаги норозиликлар бошқа Европа давлатларига ҳам таъсир кўрсатган. Жумладан, 31 октябрь куни Германиянинг 30 дан ортиқ шаҳрида ҳам намойишлар ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Францияда жорий йилнинг 24 октябрь куни нархларнинг ошишига қарши яна кўп минг кишилик митинглар бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси