Францияда тартибсизликлар ортидан 650 дан ортиқ киши ҳибсга олинди (фотогалерея)

Олам

image

Францияда полициячи томонидан 17 ёшли ўсмирнинг ўлдирилиши оқибатида содир бўлган тартибсизликлар чоғида ҳибсга олинганлар сони 650 нафардан ошди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен Twitter'даги саҳифасида маълум қилди.

“Менинг тартибсизликларни қаттиқ бостириш бўйича кўрсатмаларимга мувофиқ, полиция ва жандармлар 667 нафар кишини ҳибсга олди”, деб ёзган Дарманен.

Унинг урғулашича, полиция, жандармлар ва ўт ўчирувчилар кеча тунда жуда юқори даражадаги зўравонликка дуч келган, бу Францияда камдан-кам учрайдиган ҳолат.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган кадрларга кўра, Париж марказидаги кўплаб таниқли бутиклар талон-тарож қилинган, дўкон ва ресторанларнинг ойналари синдирилган. Намойишчилар банкоматларни ҳам талон-торож қилишга уринган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 июнь куни Парижга яқин Нантер шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузган 17 ёшли жазоирлик йигитни полиция тўхтатган. Бўйсунишдан бош тортгани учун йигитга ўқ узилган. Ҳайдовчи кўкрагига ўқ тегиб вафот этган. 

Шундан сўнг, мамлакатнинг турли шаҳарларида тартибсизликлар бошланган. 29 июнь куни бир неча ўнлаб полиция машиналари, комиссарлик ва маъмурий органлар бинолари ёқиб юборилган, таълим муассасаларига зарар етказилган. 30 июнга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлиги давом этаётган тартибсизликларни бостириш учун 40 минг полициячини сафарбар этган. Мамлакатнинг айрим шаҳарларида махсус кучлар кўчаларни патруль қилади, зирҳли техника ва вертолётлардан фойдаланилган.

Айрим шаҳарларда соат 21:00 ёки 22:00 дан бошлаб комендантлик соати, шунингдек, тунги вақтда жамоат транспортида чекловлар жорий этилган. Мамлакатда вазият кескинлигича қолмоқда.

Тартибсизликларнинг биринчи кечасида 150 нафар киши ҳибсга олинганди. 

Франция Президенти Эммануэль Макрон Twitterʼда марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирган. Шунингдек, Макрон  Франциядаги тартибсизликлар ортидан ЕИнинг Брюсселдаги саммитини тарк этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция тартибсизликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг