Францияда Макроннинг рейтинги тушиб кетди
Олам
−
28 Март 2023
6959Франция Президенти Эммануэль Макроннинг рейтинги мамлакатда пенсия ислоҳоти сабаб бўлган оммавий норозилик намойишлари фонида сўнгги тўрт йилдаги энг паст даражага етди. Бугун, 28 март куни эълон қилинган BVA ижтимоий сўрови натижалари шундан далолат берди.
Социологларга кўра, сўровномада қатнашган французларнинг атиги 28 фоизи Макроннинг президент сифатидаги ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилган. Бу февраль ойи охирида қайд этилганидан 6 фоизга кам.
“Шундай қилиб, давлат раҳбарининг рейтинги 2018 йилнинг ноябрида “сариқ жилетлилар” ҳаракати авжида кузатилган энг паст даражага – 26 фоизга яқинлашмоқда”, дейилади сўровнома натижаларида.
Бош вазир Элизабет Борнга келсак, унинг рейтинги ҳам бир ой ичида 28 фоизга тушиб кетган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу унинг 2022 йил май ойида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари этиб тайинланганидан бери энг паст кўрсаткичдир.
Маълумотларга кўра, сўров жорий йилнинг 24-25 март кунлари ўтказилган. Унда Франциянинг 18 ёшдан ошган минг нафар аҳолиси иштирок этган. Тадқиқот пенсия ислоҳоти муҳокамаси бошланганидан бери француз жамиятида пайдо бўлган бир нечта тенденцияларни тасдиқлаган. Масалан, сўров французларнинг аксарияти (70%) пенсия ёшини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг қабул қилинишига қарши эканини кўрсатган. Сўровномада қатнашганларнинг 64 фоизи ҳукумат чораларига қарши иш ташлашлар ва норозиликларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тизимнинг молиявий мувозанатини таъминлаш мақсадида пенсия ёшини 62 ёшдан 64 ёшгача ошириш ва махсус пенсия режимларини бекор қилишни назарда тутувчи ислоҳот жорий йилнинг январь ойида тақдим этилган эди. Таклиф этилаётган ўзгаришлар дарҳол кўплаб норозиликларга сабаб бўлган, бутун мамлакат бўйлаб бир неча бор оммавий намойиш ва иш ташлашлар ўтказилганди. Жорий йилнинг 16 март куни эса Бош вазир парламентни четлаб ўтиб, ҳукумат масъулияти остида пенсия таъминоти тизимига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинишини маълум қилганди. Касаба уюшмалари ва мухолиф сиёсий партиялар вакиллари ҳукуматнинг бу ҳаракатини қоралаб, бутун мамлакат бўйлаб иш ташлашларни кўпайтиришга чақирганди.