Францияда Макроннинг ҳаётига суиқасд қилишда гумонланган шахс ушланди

Олам

image

Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари шу йилнинг апрель ойида мамлакат раҳбари Эммануэль Макроннинг Ду департаментига сафари чоғида унинг ҳаётига суиқасд қилишда гумон қилинган шахсни қўлга олди. Бу ҳақда “Le Parisien” хабар берди.

Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 27 апрелида Макроннинг Гаити инқилоби (1791-1804) етакчиси Туссен-Лувертюр хотирасига бағишлаб ўтказилган маросимга ташрифидан сўнг содир бўлган. Давлат раҳбари борган Шато де Жу қалъаси яқинида пенсия ислоҳотидан норози бўлган одамлар йиғилиб, полиция назоратидан чиқишга уринган. Жандармлар тартибсизликни бартараф этиш учун кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланган. Макрон у ердан вертолётда кетмоқчи бўлганда намойишчилардан бири унга қарата пиротехника воситасини улоқтирган.

Тергов натижасида Президент бортига портловчи модда улоқтирган шахс 20 ёшли сўл қанот фаоли бўлиб чиққан. Гумонланувчи шу ҳафта ўз уйидан топилиб, ҳибсга олинган. Унга нисбатан Франция Антитеррор прокуратураси томонидан вертолётни йўқ қилишга уриниш, унда бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳаётига суиқасд қилиш, шунингдек, Президент ҳаётига суиқасд қилиш каби айбловлар билан жиноий иш очган. Унинг мазкур ҳаракати вертолётнинг қулашига олиб келиши мумкинлиги эҳтимоли экспертиза натижасида аниқланиши маълум қилинган.

Йигит ўз айбини тан олган ҳамда бу йўл билан Макронга нисбатан эътироз билдирмоқчи ва халқ унинг сиёсатидан норози эканини етказмоқчи бўлганини айтган. Прокуратура гумонланувчининг қамоқ муддатини узайтиришни ва унга нисбатан психиатрик экспертиза ўтказишни талаб қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция суиқасд Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг