Франция Европанинг АҚШ сабаб Хитой билан ўчакишини истамайди 

Олам

image

Франция ва Европа Тайвань масаласида мулоқот йўлини танлайди ва фақат АҚШ билан иттифоқчилик муносабатлари туфайли Хитойга қаршилик кўрсатишни истамайди. Бу ҳақда бугун, 11 апрель куни Франция Иқтисодиёт ва молия вазири Брюно Лё Мэр “Europe 1” радиосига берган интервюсида маълум қилди.

“Президент Европа суверенитети ҳақида гапираётганда мутлақо ҳақ эди. Биз Қўшма Штатлар билан иттифоқчиларимиз, биз бир хил қадриятларга эгамиз. Бироқ турли манфаатлар, жумладан, иқтисодий манфаатлар деган тушунчалар ҳам мавжуд. Демак, бу биз иттифоқчи бўлсак, Хитойга қарши бўлишимиз керак дегани эмас. Биз Хитой ва АҚШ ўртасидаги рақобатга тортилишни истамаймиз, биз Европа мустақиллигини қурмоқчимиз”, дейди у Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Тайвань мақоми ҳақидаги сўнгги сўзларини шарҳлар экан.

Шунингдек, вазир Лё Мэр Европа Макроннинг Хитойга сафари чоғида муҳокама қилинган мулоқот йўлини танлашини билдирган. 

“Қарама-қаршилик ва шошқалоқлик мантиғидан бу афзал эмасми? Украинада аллақачон урушни бошдан кечираётган Европага бошқа бир можаро керакми? Дунёга яна бир можаро керакми? Йўқ”, дейди Лё Мэр.

Эслатиб ўтамиз, Франция Президенти Эммануэль Макрон Хитойга (5-7 апрель) ташрифи якунлари бўйича берган интервьюсида Европа АҚШга қарамлигини камайтириши ҳамда Вашингтон ва Пекин ўртасидаги Тайвань бўйича можарога тушиб қолмаслиги керак эканини айтганди. Франция раҳбари Европа Иттифоқи биринчи навбатда ўз манфаатларига амал қилиши, дунёнинг бошқа ҳудудларидаги масалаларга аралашмаслиги кераклигига ишонч билдирди. У Европанинг сўнгги йилларда АҚШга қарам бўлиб қолганини тан олди, бироқ Европа Иттифоқи қитъанинг стратегик мухториятини ошириш учун мафкуравий курашда ғалаба қозонди, деган фикрни билдирди. Шу муносабат билан у Европа ўзининг стратегик автономиясини мустаҳкамлаши ва долларнинг экстратерриториаллигига қарам бўлмаслиги кераклигини ҳам таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Франция Европа Хитой Тайвань Макрон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг