Франция Европани Россия вакциналарини тан олмасликка чақирди
Олам
−
08 Июль 2021
5148Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатлари Россия ва Хитойда яратилган коронавирусга қарши вакциналарни тан олмасликлари керак. Бу ҳақда “France 2” телеканали эфирида Франция Ташқи ишлар вазирлигидан Клеман Бон маълум қилди.
“[ЕИ қўлланилаётган] вакциналар сони Европа дорилар агентлиги томонидан тасдиқланганлари билан чекланиши керак”, дейди у.
Бон Европа Иттифоқида ҳозиргача атиги тўртта — Pfizer, Moderna, AstraZeneca ва Johnson & Johnson компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган вакциналар тасдиқланганини эслатиб ўтди. У шу билан бирга, бир қатор мамлакатлар, шу жумладан Испанияни Россия ва Хитой вакциналарини тан олишга чақиргани учун қоралади.
Бон шунингдек, ЕИга кириш устидан назоратни кучайтиришга чақирди ва ЕИда тасдиқланмаган вакциналар билан эмланган сайёҳлар учун ўз чегараларини очган Грецияни танқид қилди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистонда қўлланилаётган 3 вакцинанинг 2 таси Россия ва Хитойда ишлаб чиқарилган. Булар “Спутник V” (Россия) ҳамда Ўзбекистон билан ҳаммуаллифликдаги ZF-UZ-VAC2001 (Хитой) вакциналаридир.
Маълумот ўрнида, Россияда COVID-19 га қарши “Спутник V” вакцинасидан ташқари яна уч — “ЭпиВакКорона”, “КовиВак” ва “Спутник Лайт” ишлаб чиқарилмоқда. Хитойда эса шу вақтгача 7 та вакцина ишлаб чиқилган. Уларнинг ичида Sinopharm, Sinovac ва CanSino компаниялари вакцинаси самадорлиги билан ажралиб туради.