Франция ва Буюк Британия Украинага қўшин юборишга тайёр
Олам
−
07 Январь 3821 3 дақиқа
Франция ва Буюк Британия Россия билан ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганидан кейин Украинага тинчликни таъминлаш учун қўшин юборишга тайёр. Бу ҳақдаги келишувни кеча, 6 январь куни Парижда бўлиб ўтган “кўнгиллилар коалицияси” саммитига борган Франция Президенти Эммануэль Макрон, Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер ва Украина Президенти Владимир Зеленский имзолади.
Саммит иштирокчилари, жумладан АҚШ Президентининг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер ҳам “Париж декларацияси”ни имзолаб, Украинага хавфсизлик кафолатларини таъминлаш ниятини билдирди.
Музокараларда қарийб 30 та давлат вакиллари қатнашди. Улар орасида Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер, Полша Бош вазири Дональд Туск, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен, НАТО Бош котиби Марк Рютте ва бошқа юқори мартабали сиёсатчилар бор эди.
Саммитнинг асосий натижаси “Париж декларацияси” бўлган. Унинг матни Елисей саройи томонидан қилинган.
Ҳужжат беш банддан иборат:
- АҚШ ўт очишни тўхтатиш режимига риоя этилишини таъминлайди. Шунингдек, қоидабузарликларга муносабат билдирадиган ва айб кимда эканини аниқлайдиган махсус комиссия тузилади.
- “Кўнгиллилар коалицияси” аъзолари Украина Қуролли кучларини қўллаб-қувватлашни давом эттиради. Улар Россия томонидан эҳтимолий янги тажовузнинг олдини олишда “биринчи мудофаа чизиғи” бўлиши керак. Бу молиялаштириш, қурол-яроғ етказиб бериш ва мудофаа иншоотларини қуришга ёрдам беришни ўз ичига олади.
- Украинага кўп миллатли кучлар юборилади. Улар “кўнгиллилар коалицияси” аъзоларидан иборат бўлади ва Украина армиясини тиклашга кўмаклашади. Бу кучлар фақат ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин юборилади ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланиши мумкин.
- Россия томонидан келажакда яна ҳужум бўлса, Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича ҳуқуқий мажбурият ишлаб чиқилади. Бу мажбуриятлар кейинчалик аниқ шакллантирилади ва ҳарбий имкониятлардан фойдаланиш, разведка, логистика ёрдами, дипломатик ташаббуслар ҳамда қўшимча санкциялар жорий этишни ўз ичига олиши мумкин.
- Украина билан узоқ муддатли мудофаа ҳамкорлигини ривожлантириш мажбурияти. Бу ҳарбийларни тайёрлаш, қурол-яроғни ишлаб чиқариш ва разведка соҳасидаги ҳамкорликни қамраб олади.
Бундан ташқари, Франция, Буюк Британия ва Украина уч томонлама декларация имзолаган. Унда Париж ва Лондон уруш тўхтатилган тақдирда Украинага қўшин юборишга тайёр эканини билдирган.
Буюк Британия Бош вазири Кир Стармернинг айтишича, бу ҳужжат “Украина ҳудудида британ, француз ва ҳамкор давлатлар кучларининг фаолияти учун ҳуқуқий асос яратади”.
Қайд этиш жоизки, Россия расмийлари бир неча бор Украинада хорижий қўшинларнинг жойлаштирилишига рози бўлмаслигини, буни ўз хавфсизлигига таҳдид, деб ҳисоблашини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, Украина Президенти Владимир Зеленский ўтган йилнинг 29 декабрь куни АҚШ Президенти Дональд Трампдан Украина учун узоқ муддатли – 30-50 йилгача бўлган хавфсизлик кафолатларини беришни сўраганди. Зеленскийнинг айтишича, ҳозир томонлар 15 йиллик кафолатлар вариантини, кейинчалик уларни узайтириш имкониятини муҳокама қилмоқда.