Франция Президенти 24 йилдан сўнг илк давлат ташрифи билан Германияга борди
Олам
−
27 Май
5689Кеча, 26 май куни Франция Президенти Эммануэль Макрон уч кунлик давлат ташрифи билан Германияга борди. Бу Франция Президентининг Германияга сўнгги 24 йилдаги илк давлат ташрифидир. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Ташрифнинг биринчи кунида Макрон икки давлат Европа учун “ҳал қилувчи” бир пайтда шерикликни янада мустаҳкамлаши кераклигини айтди.
“Россиянинг Украинага қарши давом этаётган босқинчилик уруши, глобал иқлим ўзгариши ва сунъий интеллектни ривожлантириш каби муаммолар Франция-Германиянинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини талаб қилади”, дейди у.
Шу билан бирга, Макрон икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлаша бошлагани ҳақидаги даъволарни рад этди.
"Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Биз олдинга интиламиз", деган Франция раҳбари Берлинда Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида.
Ўз навбатида, Штайнмайер Париж ва Берлиннинг баъзи масалалар бўйича қарашлари турлича бўлса-да, улар доим якунда бир қарорга келишишини урғулади.
“Агар Германия ва Франция ўртасида келишув бўлса, Европа ҳали ҳам кўп нарсага эриша олади”, дейди Германия Президенти.
Берлиндаги матбуот анжуманида Макрон Россия агрессиясига қарши бўлган Украинани қўллаб-қувватлашни сусайтиришдан огоҳлантирди.
"Бугун тинчлик тарафида туриш – қонунга куч бериш демакдир. Тинчлик – таслим бўлиш эмас. Тинчлик – бу тамойиллардан воз кечиш эмас. Тинчлик мамлакатга ўз чегаралари ва суверенитетини ҳимоя қилиш имконини беради", дейди Макрон.
Унинг сўзларига кўра, 28 май куни бўлиб ўтадиган икки томонлама Мудофаа ва хавфсизлик кенгаши йиғилишида Германия ва Франция Украинани зарур бўлган вақтгача, жумладан, Киевни ўзини ҳимоя қилиш учун қурол-яроғ билан таъминлаш ва украиналикларни ўқитиш орқали қўллаб-қувватлашда давом этишларини тасдиқлайди.
Штайнмайер ҳам Украинага ёрдам тўхтамаслиги кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, Эммануэль Макрон Европа сиёсатида ўнг радикализм кучайишидан огоҳлантирди. У ўта ўнгчи партиялар Европа парламентига бўлажак сайловларда сезиларли қўллаб-қувватлашга эга бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи сўров маълумотларига иқтибос келтирди. Франция Президенти, агар сўнгги йилларда Европада ўта ўнглар ҳокимият тепасида бўлганида, "тарих бошқача бўларди", деди ва COVID-19 пандемияси ва Украинадаги уруш каби инқирозларга ишора қилди. Ўз навбатида, Франк-Валйтер Штайнмайер Европада "демократлар иттифоқи"ни яратиш зарурлигига ишора қилди.
Берлинда Франция Президенти Германиянинг асосий қонуни қабул қилинганининг 75 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этди.
"Демократия байрамида иштирок этган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлиш мен учун шарафдир" деб ёзди Макрон Х ижтимоий тармоғида.
Юқорида айтганимиздек, бу Франция Президентининг Германияга сўнгги 24 йилдаги илк давлат ташрифидир. Сўнгги пайтларда Франция раҳбарлари Германияга фақат амалий ташрифлар билан келган. Штайнмайер идораси Макрон Германияга ташрифининг иккинчи ва учинчи кунларида Дрезден ва Мюнстерга ташриф буюришини айтди.
LiveБарчаси