Франция парламенти Барнье ҳукуматига ишончсизлик вотумини қўллаб-қувватлади

Олам

image

Франция Миллий ассамблеяси (парламентнинг қуйи палатаси) Бош вазир Мишель Барнье ҳукуматига ишончсизлик вотумини кўпчилик овоз билан қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда “Le Figaro” хабар берди.

Бундай ҳолат 1962 йилдан бери биринчи марта содир бўлди.

Ишончсизлик вотуми туфайли Бош вазир ва ҳукумат истеъфога чиқади. Барнье Франция Президенти Эммануэль Макрон навбатдаги номзодни сайламагунча Бош вазир вазифасини бажарувчи бўлиб қолади.

Ҳукуматга ишончсизлик вотуми эълон қилиш масаласи “Янги халқ фронти” чап коалицияси депутатлари ва ўта ўнгчи “Миллий ралли” партияси вакиллари томонидан овозга қўйилган. Вотум учун зарур бўлган овозлар сони 289 та эди. Ушбу қарор учун эса 331 депутат овоз берган.

Ишончсизлик вотумига Барньенинг келаси йил бюджетини парламент билан келишилмаган ҳолда тасдиқлаш тўғрисидаги қарори сабаб бўлди. Барнье парламентдаги партиялар билан музокаралар чоғида бюджет қонунлари учун овоз беришда депутатларнинг кўпчилигининг қўллаб-қувватлашига умид қилиб, харажатлар ва солиқлар бўйича бир қатор имтиёзлар берган. Бироқ, у охир-оқибат керакли миқдордаги овозларни қўлга кирита олмади. 2 декабрь куни Бош вазир бюджетни тасдиқлаш учун Конституцияда назарда тутилган алоҳида тартибни қўллаш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу бюджет тўғрисидаги қонунни парламентда муҳокама қилмасдан ва овоз беришсиз, ҳукумат таклиф қилган асл нусхада тасдиқлаш имконини беради.

Шу пайтгача Франция Миллий Ассамблеяси фақат бир марта ҳукуматни истеъфога чиқаришга муваффақ бўлган. Бу 1962 йилда, депутатлар собиқ президент Жорж Помпиду кабинетига ишончсизлик вотуми учун овоз берганда содир бўлганди. Шу билан бирга, Миллий Ассамблеяда ҳукуматга ишонч масаласи бўйича овоз беришнинг ўзи ҳам истисно эмас. 1958 йилдан бери у 130 дан ортиқ марта ўтказилган.

Макрон жорий йилнинг 5 сентябрь куни 73 ёшли ўнг марказчи сиёсатчи Мишель Барньени Бош вазир этиб тайинлади. Барнье ўнг марказчи Республикачилар партиясининг фахрийси. Сиёсий фаолияти давомида у Францияда ҳам, Европа Иттифоқи тузилмаларида ҳам турли раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2016 йилдан 2019 йилгача у Буюк Британия расмийлари билан Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича музокараларга раҳбарлик қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Бош вазир парламент Мишель Барнье ишончсизлик вотуми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг