Франция нима учун НАТОдан чиқмоқчи?

Олам

image

Франция Миллий ассамблеяси вице-президенти ҳамда “La France Insoumise” партияси депутати Клеманс Гете АҚШ билан келишмовчиликлар сабабли Францияни НАТО таркибидан чиқаришни назарда тутувчи резолюция ташаббускори бўлди. Бу ҳақда у “Berliner Zeitung” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг НАТОдан чиқиши масаласи аллақачон Франциянинг сиёсий позицияси бўлиб келган, бироқ бу масала айниқса АҚШнинг босими туфайли яна долзарб аҳамият касб этган. 

Гете ўз фикрини тасдиқлаш учун бир неча мисолларни келтирган. Улар орасида Венесуэла Президенти Николас Мадуронинг ўғирланиши, Гренландияни “аннексия” қилиш таҳдидлари ҳам бор. Бундан ташқари, у АҚШнинг НАТО давлатларидан мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишни талаб қилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган.

Гетенинг фикрича, АҚШ расман халқаро ҳуқуқ ва жамоавий хавфсизлик механизмларига тупурмоқда ҳамда амалда Европа Иттифоқига вассал (қарам) мақомини юкламоқда. 

Сиёсатчининг қўшимча қилишича, НАТОдан чиқиш Францияга ўз ҳарбий ва дипломатик мустақиллигини тиклаш имконини берган бўларди.

Қайд этиш жоиз, 2025 йилнинг февраль ойида Франция пойтахтида мамлакатни Европа Иттифоқи ва НАТО таркибидан чиқариш талаб қилинган намойиш бўлиб ўтганди. 

НАТОдан чиқиш масаласи АҚШнинг ўзида ҳам муҳокама қилинмоқда. 2025 йил декабрь ойи бошида Кентукки штатидан сайланган АҚШ Конгресси вакиллар палатаси аъзоси, республикачи Томас Масси мамлакатни альянс таркибидан чиқариш бўйича қонун лойиҳасини тақдим этган. 

Маълумот учун, Франция ва НАТО ўртасидаги муносабатлар мураккаб, лекин стратегик ҳамкорликка асосланган. Франция 1949 йилда НАТО асосчиларидан бири бўлган, бироқ 1966 йилда президент Шарль де Голль қарори билан альянснинг бирлашган ҳарбий қўмондонлигидан чиққан, шу билан бирга НАТОдан тўлиқ чиқмаган. 2009 йилда Франция президент Николя Саркози даврида альянснинг ҳарбий тузилмаларига тўлиқ қайтди. Ҳозирда Франция НАТО доирасида энг йирик ҳарбий салоҳиятга эга давлатлардан бири ҳисобланади: 2024 йилда мамлакат мудофаа харажатлари 50 миллиард евродан ошган, бу ЯИМнинг тахминан 2,1 фоизини ташкил этади. Франция НАТО миссияларида фаол иштирок этиб, Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва Қора денгиз минтақаларида минглаб ҳарбий хизматчиларини жойлаштирган. Шу билан бирга, Париж альянс ичида стратегик мустақиллик ғоясини илгари суради ва Европа мудофаа салоҳиятини кучайтиришни НАТОга муқобил эмас, балки уни тўлдирувчи механизм сифатида кўради.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Франция Клеманс Гете

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг