Франция кучли ракета дастурига қўшилмоқчи
Жамият
−
23 Май 937 1 дақиқа
Франция Буюк Британия ва Германия томонидан ишлаб чиқилаётган узоқ масофали ракеталар дастурига қўшилиш имконини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Ушбу лойиҳа 2024 йилда Британия ва Германия ўртасидаги мудофаа келишуви доирасида бошланган бўлиб, 2000 километрдан ортиқ масофага учувчи ракеталар оиласини ишлаб чиқишни назарда тутади. Бу ракеталар душман ҳудудининг чуқур қисмидаги нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган.
Хабарда айтилишича, Парижнинг бу ташаббусга қизиқиши Европанинг АҚШга қурол-яроғ соҳасида боғлиқлигини камайтириш ва ўзининг узоқ масофали зарба бериш имкониятларини кучайтириш истаги билан боғлиқ.
Президент Эммануэль Макрон раҳбарлигидаги Франция Европа мудофаасининг анъанавий кучларини кучайтириш сиёсатини олиб бормоқда. Шу сабабли у ядро қуролига қўшимча равишда анъанавий (конвенционал) ҳарбий қудратни ҳам оширишга интилмоқда.
Лойиҳа ҳозирча дастлабки концепция босқичида бўлиб, унда қанотли ракеталар ва эҳтимол гипертовушли қуроллар ҳам ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Томонлар орасида уч томонлама музокаралар июнь ойида ўтказилиши мумкин.
Шунингдек, Буюк Британия ва Германия аллақачон мудофаа ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича келишув имзолаган, Франция эса бундан олдин Британия билан ҳам алоҳида ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Финляндия ҳукумати ядровий қуролни олиб кириш ва сақлашга рухсат беришни таклиф қилаётгани ҳақида хбар берилганди.
Live
Барчаси