Франция-Исроил ўртасидаги футбол баҳсида мухлислар муштлашди (видео)
Спорт
−
15 Ноябрь
7481Кеча, 14 ноябрь куни UEFA Миллатлар лигаси мусобақаси доирасидаги Франция-Исроил жамоалари баҳсида икки мамлакат мухлислари муштлашди. Бу ҳақда RMC Sport хабар берди.
Қайд этилишича, ўйин олдидан Исроил мадҳияси янграётганда баъзи франциялик мухлислар ҳуштак чалиб, норозилик билдирган. Шундан сўнг ўйиннинг 20-дақиқасида муштлашув бошланган ва унда 50 киши атрофида мухлис қатнашган. 2 дақиқа давом этган тўқнашувга полиция аралашиб, тартиб ўрнатган.
Нашрга кўра, ўйиндан аввал Парижнинг шимолида чап қанот сиёсатчилари ва фаоллар ҳам футбол ўйинига қарши намойиш уюштирган. Ўйин хавфсизлик нуқтаи назаридан “ўта хавфли” даражада баҳоланган ва кучайтирилган чоралар кўрилган. Хусусан, баҳсга 4000 дан ортиқ полиция ходими ва жандармлар жалб қилинган.
Ўйин Франция пойтахти Париж шаҳрининг шимолий Сен-Дени туманидаги “Стад де Франс” стадионида ўтказилган бўлиб, 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланган. Мазкур баҳсга 16 611 нафар мухлис ташриф буюрган ва бу Франция миллий терма жамоаси ўйини учун энг кам мухлислар ташрифи сифатида антирекорд қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 80 мингдан ортиқ томошабинга мўлжалланган “Стад де Франс” стадионига кириш учун бор-йўғи 20 минг чипта сотиб олингани хабар қилинганди.
Шунингдек, олдинроқ Нидерландия пойтахти Амстердам шаҳрида “Аякс” ва “Маккаби Тель-Авив” жамоалари ўртасида Европа Лигаси доирасида ўтказилган футбол учрашувидан сўнг исроиллик ўнлаб мухлислар ҳужумга учраган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь