Франция ҳукумати истеъфога чиқиши мумкин
Олам
−
03 Декабрь 2024 2756 1 дақиқа
Францияда кеча, 2 декабрь кун “Янги халқ фронти” ва ўнгчи “Миллий бирлик” партиясининг депутатлари миллий ассамблеяда ҳукуматга ишончсизлик билдиришни овозга қўйди. Бу ҳақда “Pravda” хабар берди.
Маълум қилинишича, бундай ҳаракатнинг сабаби Франция Бош вазири Мишель Барнье томонидан 2025 йил учун ижтимоий таъминот бюджети ҳақидаги қонунни парламентда муҳокама қилмасдан ва овоз беришсиз тасдиқлаш қарори бўлган.
Маълумотларга кўра, Франциядаги тортишувлар ижтимоий (тиббий) таъминот бюджети ва давлат бюджети қонунлари мамлакатнинг молия сиёсатининг асосини ташкил этади.
“Иккала бюджет қонуни ҳам ҳукумат томонидан жорий этилаётган 60 миллиард евро миқдоридаги тежаш чоралари туфайли кучли баҳсларга сабаб бўлди. Давлат молиявий ҳолатини яхшилаш ва бюджет камомадини камайтириш учун 40 миллиард евро миқдорида давлат харажатларини қисқартириш ва 20 миллиард евро миқдорида солиқларни ошириш таклиф қилинди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Париж прокуратураси Франциянинг ўта ўнгчи “Миллий бирлик” партиясининг парламентдаги фракцияси раҳбари Марин Ле Пенни Европарламент маблағларини нотўғри йўналтирганликда айблаб, беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилишни сўраганди.
Live
Барчаси