Форс кўрфази осмони яна очилмоқда
Олам
−
02 Март 5793 2 дақиқа
Бугун, 2 март куни Бирлaшган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабидан айрим халқаро рейслар қайта йўлга қўйилди. Самолётлар Лондоннинг Хитроу аэропорти, Парижнинг Шарль-де-Голль аэропорти, шунингдек, Амстердам ва Москва йўналишларига учиб кетган. Бу ҳақда Flightradar24 маълумотларига таяниб, “Euronews” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Лондонга йўналган EY67 рейси маҳаллий вақт билан 14:39 да Зайд халқаро аэропортидан парвоз қилиб, кузатув платформасида энг кўп томоша қилинган рейсга айланган.
Бунгача авиакомпания ижтимоий тармоқларда Абу-Даби орқали барча парвозлар эртага, 3 март куни соат 14:00 гача тўхтатилишини маълум қилган. Аэропорт манбасига кўра, ҳозирча Мумбай, Карачи, Деҳли ва Қоҳира каби йўналишлар бўйича операциялар босқичма-босқич қайта тикланмоқда. Йўловчиларга аэропортга йўл олишдан олдин авиакомпаниялар билан боғланиш тавсия этилмоқда.
Ҳаводаги бошқа рейслар орасида Москва, Амстердам, Париж, Мумбай, Исломобод, Деҳли, Ар-Риёд ва Жидда йўналишлари бор. Европа рейслари Уммон орқали айланма йўлни танлаб, кейин Саудия Арабистони ҳаво ҳудудига кирмоқда. Ушбу икки давлат осмони ёпилмаган, аммо Дубай, Доҳa ва Кувайтга қатновчи айрим рейслар бекор қилинган.
Минтақадаги кескинлик сабаб бир қатор давлатлар ҳаво ҳудудини ёпган эди. Қатар, Баҳрайн ва Кувайт осмони вақтинча ёпилгани туфайли минглаб йўловчилар сарсон бўлган. Қироллик Дубайга ва Дубайдан барча рейсларни 3 март куни соат 15:00 гача тўхтатган.
Turkish Airlines, Air France, KLM, British Airways ва Finnair каби авиакомпаниялар минтақадаги айрим йўналишларни бекор қилган ёки қайта режалаштирган. Саудия Арабистони ҳаво ҳудуди очиқ қолмоқда, бироқ айрим ташувчилар эҳтиёткорлик нуқтаи назаридан парвозларни қисқартирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ҳаво ҳудудидан фойдаланишга жорий этилган чекловлар муносабати билан “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси Фуқаро авиацияси агентлиги билан ҳамкорликда айрим халқаро рейслар жадвалига ўзгаришлар киритаётгани айтилган эди.
Live
Барчаси