Вазият жиддий: Ўзбекистондан Яқин Шаҳрққа парвозлар жадвали ўзгармоқда
Жамият
−
28 Февраль 18269 3 дақиқа
Эрон ҳаво ҳудудидан фойдаланишга жорий этилган чекловлар муносабати билан “Uzbekistan” Airways авиакомпанияси Ўзбекистон Республикаси Фуқаро авиацияси агентлиги билан ҳамкорликда айрим халқаро рейслар жадвалига ўзгаришлар киритмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан “Uzbekistan Airways” матбуот котиби Қизлархон Бегматова маълум қилди.
Унинг билдиришича, ўзгаришлар Тошкент–Дубай, Шарм-эш-Шайх, Жидда, Тель-Авив йўналишлари ҳамда қайтиш рейсларига тааллуқли. Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида рейслар муқобил ҳаво йўналишлари орқали амалга оширилмоқда, бу эса парвоз вақти ва жадвалга таъсир қилиши мумкин.
Хусусан, БАА ҳаво ҳудудидан фойдаланишга жорий этилган вақтинчалик чекловлар муносабати билан ҳамда парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, бугун, 28 февралдаги HY334 (Дубай – Тошкент) рейси мажбурий равишда кечиктирилган.
Чекловлар бекор қилинганидан сўнг, Эрон ҳаво ҳудудидаги чекловларни инобатга олган ҳолда, парвоз муқобил йўналиш бўйича амалга оширилади.
Янгиланган ҳаракат жадвали қўшимча равишда эълон қилинади.
“Авиакомпания йўловчилардан рейсларнинг янгиланган учиш ва қўниш вақтларини расмий ахборот манбалари орқали олдиндан аниқлашларини сўрайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрондаги уруш сабаб Ўзбекистондан парвоз қилган самолётлар ортга қайтгани ҳақида хабар берилган эди.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Бугун, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига «иммунитет» олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унфда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси