Форс кўрфази мамлакатларини тарихдаги энг ёмон иқтисодий инқироз кутмоқда – экспертлар
Олам
−
02 Июнь 2020
4570Форс кўрфази ҳамкорлик кенгашининг (ФКҲК) олтита мамлакати нефть нархлари пасайиши ва коронавирус пандемияси шароитида тарихдаги энг ёмон иқтисодий инқирозни бошдан кечиради. Бу ҳақда Халқаро молия институти (The Institute of International Finance, IIF) маълум қилмоқда.
ФКҲК мамлакатларининг (Уммон, Баҳрайн, Қатар, БАА, Кувайт ва Саудия Арабистони) ялпи ички маҳсулотининг ҳажми 2020 йилда 4,4 фоизга пасайиши кутилмоқда. Давлат харажатларини қисқартириш "нефть экспорти камайиши билан боғлиқ йўқотишларни қоплаши мумкин", дейилади маълумотда. Аммо бюджетнинг ялпи тақчиллиги бу йил ЯИМга нисбатан 10,3 фоизгача ўсиши мумкин.
Минтақанинг энг йирик иқтисодиёти бўлган Саудия Арабистони ялпи ички маҳсулоти бу йил 4 фоизга пасайиши мумкин ва дефицит 13 фоизга кўтарилади. "Қарзлар туфайли" минтақада тобора ҳимоясиз давлатга айланаётган Уммон иқтисоди 5,3 фоизга тушиб кетиши, мамлакат бюджети тақчиллиги бу йил 9 фоиздан 16,1 фоизгача ўсиши мумкин.
Таҳлилчиларга кўра, нефтнинг бир баррели 20 долларга баҳоланганда, кўрфазнинг олтита монархиясининг хазинаси 2027 йилда бўш қолади. Эслатиб ўтамиз, коронавирус пандемияси ва бутун дунё бўйлаб ишбилармонлик фаоллигининг пасайиши шароитида 2020 йилда нефтга талаб пасайиб кетди.