“Формула 1” 2026 йил учун янги қоидаларни эълон қилди

Спорт

image

Кеча, 17 декабрь куни “Формула 1” раҳбарияти 2026 йилдан кучга кирадиган янги техник регламент ва терминологияни расман тақдим этди. Янги қоидалар билан қаршиликни камайтириш тизими (DRS) тизими бекор қилинади ва унинг ўрнини қувиб ўтиш жараёнини янада динамик қилувчи янги механизмлар эгаллайди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

“Формула 1” ташкилоти янги двигатель даври бошланиши ҳамда тарихдаги энг йирик техник ўзгаришлар муносабати билан янгиланган терминологияни эълон қилди. Энди 2026 йилдан бошлаб автомобиллар енгилроқ ва ихчамроқ бўлади, шиналар тораяди, ички ёниш двигатели ва электр қуввати 50/50 нисбатда ишлайди. Шунингдек, барқарор ёқилғи ва электр энергиясидан фойдаланиш мажбурий этиб белгиланади.

“Янги авлод автомобилларида ҳайдовчилар аввалгидан кўра кўпроқ қувват ва назоратга эга бўлади. Энергияни жойлаштириш, қайта тиклаш ва тежаш бўйича қабул қилинадиган қарорлар уларга катта масъулият юклайди”, дейилади “Формула 1” баёнотида.

Ташкилот мураккаб техник жаргонлардан қочиш мақсадида FIA, жамоалар, муҳандислар ва мухлислар билан маслаҳатлашган ҳолда янги атамаларни жорий этди.

Overtake режими — DRS ўрнини босувчи стратегик восита. Олдиндаги автомобилдан бир сония ичида ҳаракатланаётган ҳайдовчи қувиб ўтиш учун қўшимча қувватга эга бўлади. Ушбу режимдан қисқа вақтга ёки бутун айлана давомида фойдаланиш мумкин.

Boost режими — ҳайдовчи томонидан бошқариладиган энергия тақсимоти бўлиб, ҳужум ёки ҳимоя пайтида ишлатилади. Тугмани босиш орқали трекнинг исталган нуқтасида двигатель ва батареядан максимал қувват олинади.

Active Aero — олд ва орқа қанотларнинг ҳаракатланувчи элементлари бўлиб, бурилиш ва тўғри йўл режимларига эга. “Формула 1”га кўра, бу тизим автомобилнинг йўлга ёпишишини ошириб, стратегик мослашувчанликни таъминлайди.

Recharge — тормозлаш, тўғри йўл охирида газни бўшатиш ёки бурилишларда қисман қувват ишлатилиши орқали аккумуляторни зарядлаш имконини берувчи тизимдир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон пойтахти Тошкентда Халқаро автомобиль федерациясининг (FIA) йил якунларига бағишланган тарихий тадбир ўтказилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

FIA қоидалар “Формула 1”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг