Фолбинлар ва сеҳргарларга назорат кучайтирилади. Тожикистонда!
World
−
09:20 987 1 minute
Тожикистонда хурофот, фолбинлик, сеҳр-жоду ва фуқароларни алдашнинг бошқа кўринишларига қарши курашиш мақсадида ушбу фаолиятга алоқадор шахслар махсус рўйхатга олинади. Бу ҳақда кеча, 21 октябрь куни мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик хабарига кўра, махсус базага фолбинлар, сеҳр-жоду билан шуғулланувчилар, ўзини диний уламолар сифатида кўрсатувчи айрим шахслар, фоҳишалар, уларнинг мижозлари ва яқинлари, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар ҳамда мазкур фаолиятларга алоқадор бошқа шахсларнинг исм-фамилиялари киритилади. Улар доимий назорат остида бўлади.
Шунингдек, тегишли тузилмалар сўров юборган тақдирда, рўйхатга киритилган шахслар ҳақида маълумот тақдим этилади.
“Вазирлик фуқароларни ушбу тоифадаги шахслардан узоқ юришга чақиради. Бу орқали улар махсус рўйхатга тушиб қолмаслиги ва фарзандлари олдида ўз номига доғ туширмаслиги керак”, дейилган баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Дин, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси дуо ўқиш диний маросимини ўтказишнинг янги тартибини тасдиқлагани ҳақида хабар берилган эди.