Жодугар ва фолбин хизматларидан фойдаланиш тақиқланди
Олам
−
12 август 8152 3 дақиқа
Тожикистон Дин, анъана ва маросимларни тартибга солиш қўмитаси дуо ўқиш диний маросимини ўтказишнинг янги тартибини тасдиқлади. Эндиликда бундай маросимларни ўтказишга расман фақат ваколатли диний хизматчиларгагина рухсат берилади. Бу ҳақда идора “Asia-Plus”нинг сўровига юборган ёзма жавобида маълум қилган.
Ҳужжатга кўра, Дин қўмитаси раисининг тегишли буйруғи жорий йилнинг 3 июнь куни имзоланган. Унда дуо ўқиш қоидалари ва ушбу маросимни бажаришга рухсат берилган шахслар доираси белгилаб берилган.
Янги тартибга кўра, диний маросимни қуйидагилар ўтказиши мумкин:
- Уламолар кенгаши аъзолари;
- Катта имом-хатиблар – марказий жоме масжидлари имомлари;
- Жоме масжидлари имом-хатиблари;
- Беш вақт намоз ўқиладиган масжидлар имомлари;
- Имом-хатиблар ва имомларнинг ўринбосарлари;
- Тегишли диний ташкилот томонидан тоат-ибодат ва диний маросимларни ўтказишга ваколат берилган муаззинлар.
Қўмитанинг маълум қилишича, диний хизматчилар диний эҳтиёжларини қондириш учун мурожаат қилаётган кишиларга ёрдам беришга, жумладан, улар учун шариатга мувофиқ дуолар ўқишга ҳақли.
Шу билан бирга, диний хизматчилар санитария-эпидемиология нормаларига риоя қилиши, белгиланган тартиб билан танишиши, фуқароларнинг тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилишига тўсқинлик қилмаслиги ва маросимларни фақат Тожикистон қонунчилиги доирасида ўтказиши шарт.
Янги тартиб бир қатор чекловларни ўз ичига олади. Хусусан, диний хизматчиларга аёллар ва болалар учун уларнинг маҳрамлари – диний нормаларда иштироки назарда тутилган яқин қариндошларисиз дуо ўқиш тақиқланади.
Шунингдек, қуйидагилар ҳам тақиқланади:
- Жодугарлик, сеҳргарлик ва фолбинлик билан боғлиқ хизматлардан фойдаланиш;
- Ахлоқсиз ҳаракатларни содир этиш;
- Маросимни видеога олиш ва ёзувларни ОАВ ёки интернетда тарқатиш;
- Оммавий дуохонлик маросимларини ўтказиш.
Бундай фаолиятни олиб бориш учун диний хизматчилар ваколатли органдан – Дин қўмитасидан тегишли гувоҳнома олишлари мумкин.
Қўмитадагилар бу қарор фуқароларнинг фолбинлар, жодугарлар ва норасмий муллаларга мурожаат қилишлари кўпайгани билан боғлиқлигини тушунтирган. Идора фикрича, агар диний ёрдам олишнинг расмий имконияти назарда тутилмаса, одамлар давлат назорат қилмайдиган шахсларга мурожаат қилишда давом этаверади.
Бу эса, қўмитадагиларнинг ҳисоблашича, назоратни қийинлаштиради ва қонун бузилиши, жумладан жодугарлик, сеҳргарлик ва бошқа ахлоқсиз ҳаракатлар билан боғлиқ хавфларни оширади.
“Asia-Plus” идоранинг позициясини келтиради, унга кўра, янги тартиб фуқароларга диний эҳтиёжларини “шариат йўли” билан – фирибгарлар ва жодугарлар орқали эмас, балки ваколатли диний шахслар орқали қондириш имконини бериши керак.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари фолбинлар, жодугарлар ва “норасмий муллалар”га қарши кампания олиб бормоқда. Нафақат бу иш билан шуғулланувчиларнинг ўзига, балки уларнинг айрим мижозларига нисбатан ҳам жавобгарлик чоралари қўлланилмоқда.
ИИВ маълумотларига кўра, 2026 йилнинг бошига келиб мамлакатда 5 мингга яқин фолбин, жодугар ва “норасмий муллалар” аниқланган ва ҳисобга қўйилган.
Фолбин ва жодугарларга мурожаат қилганлик учун жазо кучайтирилиши билан бир вақтда, маҳаллий манбалар маълумотига кўра, Тожикистоннинг баъзи фуқаролари қўшни мамлакатлардаги шу каби хизматлардан фойдаланишни бошлаган.
2024 йилда Тожикистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига фолбинлик ва жодугарлик билан шуғулланганлик учун жазони назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган эди. Бунинг учун 4500 сомонигача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Агар бундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, жиноят иши қўзғатилиши мумкин. Бундай ҳолда максимал жазо – икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳисобланади.
Live
БарчасиТуркияда F-16 ҳалокатга учради
12 август