ФХХ АҚШ Бош консуллигининг собиқ ходимини жосусликда айбламоқда
Олам
−
28 Август 2023
5165Россиянинг Федерал Хавфсизлик хизмати АҚШнинг Владивостокдаги Бош консуллиги собиқ ходими, Россия фуқароси Роберт Шоновни АҚШ учун “махсус ҳарбий операция”нинг бориши ҳақида маълумот йиғишда айблади. Бу ҳақда ТАСС Россия ФХХнинг Жамоатчилик билан алоқалар марказига таяниб хабар берди.
“Федерал хавфсизлик хизмати АҚШнинг Москвадаги элчихонаси хабарчиси, АҚШнинг Владивостокдаги Бош консуллиги собиқ ходими ва Россия фуқароси Шонов Роберт Робертовичнинг ноқонуний фаолиятини тўхтатди. У Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 275.1-моддасида (хорижий давлат билан махфий ҳамкорлик) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланган”, дейилади хабарда.
ФХХ маълумотларига кўра, Шонов 2022 йил сентябрь ойидан ҳибсга олинган вақтгача моддий мукофот эвазига АҚШнинг Москвадаги элчихонасининг сиёсий бўлими Жеффри Силлин ва Дэвид Бернштейннинг “махсус ҳарбий операция”нинг бориши, Россия ҳудудларидаги сафарбарлик жараёнлари, муаммоли дақиқалар тўғрисида маълумот тўплаш ва уларнинг 2024 йилги Россия Федерацияси Президенти сайлови арафасида аҳолининг норозилик фаоллигига таъсирини баҳолаш бўйича топшириқларини бажарган.
Разведка хизмати ушбу дипломатларни сўроқ қилиш режалаштирилаётганини қайд этмоқда.
“Ушбу америкалик дипломатларни сўроқ қилиш режалаштирилмоқда, шу муносабат билан АҚШнинг Москвадаги элчихонасига тегишли чақирув қоғози юборилди”, дейилади ФХХ хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Россия Жиноят кодексига 275.1-модда ўтган йилнинг июль ойида киритилди. Унга кўра, Россия Федерацияси фуқаросининг хорижий давлатнинг махсус хизмати, халқаро ёки хорижий ташкилот ёки уларнинг вакиллари билан махфий ҳамкорликни амалга ошириши икки йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ёки 1 миллион рублгача ёки маҳкумнинг уч йилгача бўлган иш ҳақи миқдорида жарима тўлаши ёки икки йилгача озодлиги чекланиши билан жазоланади.
Бу давлатга хиёнат таърифига кирмайдиган ҳаракатлардир. Ҳамкорлик деганда, чет эл махсус хизмати ёки ташкилоти, уларнинг вакиллари билан “Россия Федерацияси хавфсизлигига била туриб қарши қаратилган фаолиятда уларга ёрдам бериш мақсадида” “яширин алоқа ўрнатиш ва қўллаб-қувватлаш” тушунилади.
Моддага киритилган эслатмаларга кўра, гап разведка, контрразведка ёки тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи махсус хизматлар ҳақида кетмоқда. Ташкилотларга "хорижий давлатнинг махсус хизмати манфаатларида" фаолият юритувчи тузилмалар, шунингдек, хорижий ёки халқаро хусусий ҳарбий ёки разведка компаниялари киради.
Шу билан бирга, ушбу қонун ваколатли давлат органларини бундай ҳамкорлик тўғрисида ихтиёрий равишда ва ўз вақтида хабардор қилган тақдирда, агар фуқаро олган топшириғини бажаришга ҳаракат қилмаган бўлса ва унинг хатти-ҳаракатларида бошқа ҳуқуқбузарликлар мавжуд бўлмаса, жавобгарликдан озод қилиш имконияти назарда тутади.
LiveБарчаси