ФҚБ Киркнинг қотиллари ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилди
Олам
−
11 Сентябрь 2025 9553 2 дақиқа
АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) мамлакат Президенти Дональд Трампнинг ашаддий тарафдори Чарли Киркнинг ўлдирилишига алоқадорларни аниқлаш ва қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 100 минг долларгача мукофот белгилади. Бу ҳақда ФҚБнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинди.
“ФҚБ 2025 йил 10 сентябрь куни Юта штати Орем шаҳридаги Юта водийси университетида Чарли Киркнинг ўлдирилишига алоқадор шахс ёки шахсларни аниқлаш ва қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 100 минг долларгача мукофот таклиф қилади”, дейилади эълонда.
Шунингдек, ФҚБнинг Солт-Лейк-Сити бўлими Киркнинг ўлдирилишида гумон қилинаётган шахснинг суратини эълон қилиб, жамоатчиликдан ёрдам сўради.
“Биз жамоатчиликдан Юта водийси университетида Чарли Киркнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинаётган шахснинг шахсини аниқлашда ёрдам беришларини сўраймиз”, дейилади эълонда.
Фотосуратда ориқ гавдали, қора свитер кийган эркакни кўриш мумкин. Свитерда Америка байроғи ва тахминан АҚШнинг миллий рамзи – бургут тасвирланган. Шунингдек, у қуёшдан сақловчи кўзойнак ва қора кепка таққан.
Бунгача ФҚБ агенти Роберт Болс Киркка суиқасд чоғида ишлатилган милтиқ топилганини маълум қилган. Унинг билдиришича, қурол ҳодисадан сўнг гумонланувчи яшириниш учун йўл олган ўрмонзор ҳудудида топилган. ФҚБ лабораторияси милтиқ устида таҳлил ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 сентябрь куни 31 ёшли Чарли Кирк Юта штатида, университетдаги нутқи чоғида бўйнидан ўқ еб, оғир аҳволда шифохонага ётқизилган. Кейинчалик АҚШ Президенти Дональд Трамп унинг вафот этганини эълон қилиб, мамлакат бўйлаб байроқларни туширишни буюрганди.
Чарли Кирк ким эди?
31 ёшли Чарли Кирк АҚШдаги энг машҳур консерватив фаоллардан бири эди. У 2012 йилда, 18 ёшида, бизнесмен Билл Монтгомери билан бирга Turning Point USA ташкилотига асос солди. Бу нодавлат тузилма талабалар орасида эркин бозор, чекланган ҳукумат ва “анъанавий қадриятлар”ни тарғиб қилади. Бугунги кунда Turning Point USA’нинг 850 дан ортиқ университетларда бўлимлари мавжуд.
Кирк мамлакат бўйлаб университетларда очиқ дебатлар ўтказар, подкастлар ва ижтимоий тармоқларда фаол эди. У Трампнинг сайлов кампаниясида ёшларни сафарбар қилишда муҳим роль ўйнаган, айниқса, Аризонада кўп минглаб янги сайловчиларни рўйхатдан ўтказишга кўмаклашган. Бу эса Трампнинг штатдаги ғалабасига ҳисса қўшган. Кирк Трампнинг инаугурациясига таклиф қилинган ва доимий равишда Оқ уй тадбирларида иштирок этган. Трамп уни ёшлар орасидаги машҳурлиги учун муҳим шахс сифатида тилга олган.
Маълумот учун, Киркнинг аёли ва икки фарзанди бор эди.
Live
Барчаси