Фитначилар таъсирига тушиб қолган 1,5 минг кишига амнистия берилади
Олам
−
27 Октябрь 2022
7572Қозоғистон Республикаси парламенти Сенати депутатлари жорий йилнинг январь ойида содир бўлган намойишлар қаттнашчиларига “Амнистия тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бу ҳақда “Казинформ” агентлиги хабар берди.
Қонун лойиҳаси жорий йил 4 январдан 7 январгача бўлган даврда оммавий тартибсизликлар шароитида фитначилар таъсирига тушиб қолган ва жиноий ҳаракатлар содир этган шахсларни жазони ўташдан озод этишга қаратилган.
Амнистия январб воқеалари вақтида фуқароларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига барҳам беришда жиноий ҳуқуқбузарликларни содир этган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва ҳарбий хизматчиларга ҳам тегишли.
Жиноий ҳуқуқбузарликлар, кичик ва ўртача оғирликдаги жиноятлар содир этган оммавий тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан жиноят ишларини тўхтатиш, уларда айбдор деб топилган шахсларни жазодан озод қилиш, жазони ўтаган шахслардан эса судланганликни олиб ташлаш таклиф этилмоқда.
Оғир жиноятлар учун – суд томонидан тайинланган муддатнинг тўртдан уч қисми, ўта оғир жиноятлар учун – ярми қисқартирилади.
Шу билан бирга, агар қонун кучга кирган кунга қадар маҳкумнинг жазони ўташига бир йилдан кўп бўлмаган муддат қолса, асосий жазо муддати ўталмаган бутун муддатга қисқартирилади. Террорчилик, экстремистик, коррупция жиноятларини содир этган, давлатга хиёнат қилган, оммавий тартибсизликлар уюштирган шахслар амнистияга тортилмайди, вояга етмаган шахс томонидан ушбу жиноят содир этилган, қийноқлар, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар бундан мустасно.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1,5 мингга яқин киши амнистияга тортилган.
Шу кунга қадар январь воқеалари бўйича судланган 1112 нафардан фақат 128 нафари озодликдан маҳрум этилган.
Қонун қабул қилинганидан кейин 40 дан ортиқ маҳкум, кейинги олти ой ичида 50 га яқин маҳкум озод этилади.
Жиноий ҳуқуқбузарликлар, кичик ва ўрта оғирликдаги жиноятларни содир этган 171 нафар шахс жиноий жавобгарлик ва жазодан озод этилади.
Шу билан бирга, маҳкумларга нисбатан амнистияни қўллаш тўғрисидаги якуний қарор суд томонидан ҳар бир шахс учун алоҳида қабул қилинади.
Оғир жиноят содир этган (тергов ва судларда кўриб чиқилаётган ишлар бўйича) 363 нафар шахсга нисбатан жазо тайинлашда амнистия қўлланилади.
Қозоғистондаги намойиш
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси