Фирибгарлиги бошига бало бўлди
Жамият
−
08 Октябрь 2019
5685“Ўзсаноатқурилишбанк” Наманган минтақавий филиали томонидан Наманган шаҳридаги “Axsin tex servis” МЧЖга айланма маблағини тўлдириш ва аҳолини истеъмол товаларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида 12 ой муддатга 1 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилган.
Ушбу кредит эвазига А.Исматуллаевга тегишли “Bobur avtonaqlservis” жамиятига қарашли 4 дона “HOWO”, “SHAANXI” русумли автотранспорт банк томонидан гаровга ва тақиқга қўйилган.
Банк олинган кредит маблағлари ўз вақтида қайтарилмагани учун судга мурожаат қилади.
Наманган шаҳар иқтисодий суд томонидан кредит маблағларини мажбурий ундириш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган.
А.Исматуллаев банк филиали гаровга қўйган ва тақиқга олинган транспорт русумларини сотиб юбориш хаёлига келиб турли “ғоя”ларни ўйлаб топади.
Биринчи навбатда банк мансабдор шахслари имзосини сохталаштиради. Кейин филиал штамп ва муҳрларини қалбакилаштириб, сохта ёзувлар киритади.
Натижада, гўёки банк томонидан олинган кредит маблағлари тўлаб бўлингани ҳақидаги ҳужжатлар тайёр бўлади.
Шундан сўнг А.Исматуллаев қабиҳ ниятини давом эттириб, тақиқга олинган автомашиналарни тақиқдан чиқаришга эришади.
У “ҳеч ким билмайди” қабилида ишини давом эттириб, энди гаровга қўйилган транспорт воситаларини сотиб юборади ва давлат манфаатларига 771 миллион 191 минг 371 сўм зарар етказади.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Исматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228 моддаси 1 ва 3 қисми ҳамда 233-моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.