Финляндия Президенти Ўзбекистонга келади

Жамият

image

Бугун, 9 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Финляндия Президенти Александр Стубб билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Финляндия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш масалалари Финляндия Президентининг мамлакатга бўлажак ташрифига тайёргарлик нуқтаи назаридан атрофлича кўриб чиқилган.

“Конструктив сиёсий мулоқотлар ва парламентлараро алмашинувлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. 2024 йилда товар айирбошлаш 24 фоизга ошди. 2022 йилдан мамлакатимизда Финляндиянинг "Нордик" университети муваффақиятли фаолият юритмоқда, мактаб таълимини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қишлоқ хўжалиги, кимё, энергетика, кончилик, телекоммуникация ва бошқа инновацион тармоқларда кооперацияни йўлга қўйиш, жумладан, таълим тизимига илғор технологияларни жорий этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилган.

Аниқ лойиҳаларни тайёрлаш учун Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида бизнес форумини ўтказиш таклиф қилинган. Халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган. Низоларни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида тинч йўл билан ҳал этиш муҳимлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтганди. Мулоқот давомида Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари батафсил кўриб чиқилган. Суҳбат аввалида АҚШ Президенти сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни юксак баҳолаган ва қўллаб-қувватлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Финляндия Александр Стубб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг