Филиппиннинг собиқ президенти ХЖС ордери асосида ҳибсга олинди

Олам

image

Филиппин полицияси республикани 2016–2022 йилларда бошқарган собиқ президент Родриго Дутертени инсониятга қарши жиноятлар бўйича Халқаро жиноий суд (ХЖС) ордери асосида ҳибсга олди. Бу ҳақда Филиппин Президенти маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.

“Маниладаги Интерпол бўлими ХЖС томонидан чиқарилган расмий ҳибсга олиш ордери нусхасини олди. 2025 йил 11 март куни соат 09:20 да собиқ президент Родриго Дутерте ўз ҳамроҳлари билан Гонгконгдан Манилага Cathay Pacific CX 907 рейси билан етиб келди. Келишидан сўнг, Бош прокурор ХЖСга ҳибсга олиш ордери тўғрисида хабар берди. Филиппин Миллий полицияси ходимлари ордерни бажариш чоғида ўз боди-камераларини ёқиб қўйишганига ишонч ҳосил қилишди. Ҳозирда у қамоқда сақланмоқда”, дейилади расмий баёнотда.

Халқаро жиноий суднинг Дастлабки тергов палатаси 2021 йил 15 сентябрь куни Филиппинда наркотикларга қарши кураш давомида содир этилган жиноятлар бўйича тўлиқ тергов бошлаш учун прокуратура сўровини қаноатлантирган эди. У 2011 йил 1 ноябрдан 2019 йил 19 мартгача бўлган даврда содир этилган қотилликлар тергов қилинишига асослар бор деб топган.

ХЖС Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер берди north_east

ХЖС Нетаньяхуни ҳибсга олиш учун ордер берди

Прокуратура маълумотларига кўра, ушбу кампания доирасида 12 мингдан 30 минггача одам гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани ёки сотгани учун ўлдирилган. Айрим ҳолатларда ушбу қотилликлар суд ва терговсиз амалга оширилгани ва полиция рейдлари чоғида содир этилгани тахмин қилинмоқда.

2021 йил ноябрь ойида Филиппин ҳукумати ХЖСдан терговни кечиктиришни сўраб, ўзининг мустақил текширув ўтказиш ҳуқуқидан фойдаланишини билдирган.

2018 йил март ойида Филиппин ХЖС таркибидан чиқиш ҳақида қарор қабул қилиб, БМТга тегишли ариза юборган. Ушбу қарор бир йил ўтиб кучга кирган бўлса-да, ХЖС Филиппиннинг аъзолик даврида содир этилган жиноятлар бўйича юрисдикцияни сақлаб қолишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Перуда собиқ президент Алехандро Толедо Бразилиянинг “Odebrecht” қурилиш корпорациясидан пора олгани учун 20 йил 6 ой қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. “Odebrecht” корпорацияси Толедога Бразилия ва Перу ўртасидаги икки автомобиль йўли қурилиши бўйича шартномани олишга ёрдам бергани учун 35 миллион доллар пора берган. Тергов давомида Бразилия компанияси Лотин Америкаси ва АҚШдаги амалдорларни пора билан сотиб олганини тан олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Филиппин собиқ президент Родриго Дутерте

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг