Филиппиндаги энг фаол вулқонлардан бири отилди (видео)

Олам

−

image

Филиппиндаги энг фаол вулқонлардан бири – Майон отилиб, унинг кратери устида 3 минг метр баландликкача кул устуни ҳосил бўлди. Бу ҳақда NDTV нашри хабар берди.

Қайд этилишича, вулқон отилиши вақтида осмонга қуюқ кул кўтарилган ва у шамол таъсирида жануби-ғарбий томонга, аҳоли яшаш ҳудудлари устига тарқалган. Ҳозирча атрофдаги шаҳар ва қишлоқларда жабрланганлар ёки вайронгарчиликлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Филиппин вулқонология ва сейсмология институти Майон вулқонининг хавф даражасини 0–5 баллик шкала бўйича 2-босқичдан 3-босқичга кўтарган. Маҳаллий ҳокимиятларга кратердан 6 километр радиусдаги ҳудудларда яшовчиларни эвакуация қилиш тавсия этилган. Шунингдек, самолётларга вулқон яқинида учмаслик ҳақида огоҳлантириш берилган.

Мутахассислар вулқонда магматик отилишнинг янги босқичи бошланганини билдирган. Бу эса яқин кунлар ва ҳафталарда лава оқимлари, қизиб кетган газ ва вулқон материалларидан иборат хавфли оқимлар юзага келиш эҳтимолини оширади.

Маълумот учун, баландлиги 2 462 метр бўлган Майон вулқони Филиппин пойтахти Маниладан қарийб 330 километр жануби-шарқда жойлашган. У мамлакатдаги энг фаол вулқонлардан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Индонезияда Анак-Кракатау вулқони отилиши оқибатида тарқалган вулқон кули сабаб 8 та аэропорт фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг