Филиппинда паром 350 дан ортиқ одам билан чўкиб кетди. Ўнлаб қурбонлар бор (видео)
Олам
−
26 Январь 2839 2 дақиқа
Филиппинда бортида 350 дан ортиқ одам бўлган паром чўкиб кетди. Уларнинг юздан ортиғи бедарак йўқолган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Расмийларнинг маълум қилишича, соҳил қўриқлаш хизмати сувдан камида 215 нафар тирик қолганларни ва 15 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадини олиб чиққан.
Паром ҳалокатининг сабаби ҳозирча аниқланмаган, айни пайтда текширув ишлари олиб борилмоқда. Қайд этилишича, ҳодиса содир бўлган куни об-ҳаво яхши бўлган, паром ортиқча юкланмаган. Тахминларга кўра, фожиа техник носозликлар сабаб юз берган бўлиши мумкин.
Маълумотларга кўра, юк-йўловчи M/V Trisha Kerstin 3 пароми ороллар ўртасида қатновчи бўлиб, у Замбоанга порт шаҳридан Сулу провинциясидаги жанубий Холо оролига йўл олган. Кема бортида 332 нафар йўловчи ва 27 нафар экипаж аъзоси бўлган. Соҳил қўриқлаш хизмати вакилларининг билдиришича, кема эҳтимол техник муаммоларга дуч келган ва шундан сўнг чўкиб кетган.
“Associated Press” нашрининг таъкидлашича, Филиппин архипелагида денгиз ҳодисалари тез-тез содир бўлади. Бунга тез-тез кузатиладиган бўронлар, кемаларнинг ёмон техник ҳолати, ортиқча юкланиши ҳамда, айниқса, олислашган провинцияларда хавфсизлик қоидаларига барқарор риоя этилмаслиги сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тайланднинг Пхукет оролида ўзбекистонлик сайёҳлар иштирокида йирик денгиз ҳалокати юз берганди. 11 январь куни Коравич Марине 888 тезюрар сайр катери балиқчи траулери билан тўқнашиб, жиддий шикастланган ва ағдарилиб, чўкиб кетган. Фожиа оқибатида 18 ёшли Россия фуқароси Елизавета Старих вафот этган.