Филиппинда бўрон оқибатида юзга яқин одам ҳалок бўлди
Олам
−
28 Октябрь
2214Филиппиннинг шимоли-шарқида содир бўлган тропик “Трами” бўрони келтириб чиқарган тошқинлар ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 97 кишига етди. Бу ҳақда табиий офатлар хавфини камайтириш ва бошқариш бўйича миллий кенгаш маълум қилди.
“Трами” бўрони туфайли кучли ёмғир 97 кишининг ўлимига сабаб бўлган, 69 киши жароҳат олган, 30 киши бедарак йўқолган. Ҳозирда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда”, деган кенгаш ўз баёнотида.
Маҳаллий манбалар томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, “Трами”нинг инфратузилмага етказган зарари тахминан 26,35 миллион долларни, қишлоқ хўжалигидаги молиявий йўқотиш эса 43 миллион долларни ташкил этган.
Қолаверса, 44 минг 537 бино ва жами 6,7 миллион киши зарар кўрган.
Маълумот учун, Филиппин ҳар йили 20 га яқин тайфунга дучор бўлади. 2013 йилда “Хайян” тайфуни 7300 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлиб, катта вайронагарчиликларга сабаб бўлганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда “Милтон” тўфони камида 11 кишининг ҳаётига зомин бўлгани хабар қилинганди. Сент-Люси ва Цитрус округларида, шунингдек, Ормонд-Бич ва Сент-Питерсберг шаҳарларида яшаган 10 киши ҳалок бўлган. Бироз вақт ўтгач, Тампа шаҳрида қутқарувчилар яна бир қурбон – тахминан 70 ёшли аёлнинг жасадини топгани маълум бўлди.
Муҳаммад Ҳодиев