FIFA ЖЧ финали ўтказилган стадион майсаларини сотмоқчи
Спорт
−
09:09 2148 1 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) 2026 йилги Жаҳон чемпионати финали бўлиб ўтадиган Нью-Йоркдаги стадион майсасининг бир қисмини сотувга чиқаради. Бу ҳақда “The Athletic” нашри хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, махсус қатрон ичига жойланган майса бўлагининг нархи 450 доллардан 3000 долларгача бўлади. Майса парчаларини етказиб бериш жорий йилнинг 19 июль куни бўлиб ўтадиган финал учрашувидан кейин бошланади. Ҳозирча етказиб бериш хизмати фақат АҚШ, Буюк Британия ва Европа мамлакатларидаги харидорлар учун амал қилади.
Майса акрил корпусга жойлаштирилган бўлиб, унда 2026 йилги Жаҳон чемпионати логотипи, финал ўйини ўтказилган стадион номи, учрашув санаси ва якуний ҳисоб акс эттирилади. Тўпламга, шунингдек, ҳақиқийлик сертификати сақланган USB флеш-хотира ҳам қўшиб берилади.
Маҳсулот Британия компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бўлиб, 450, 900, 1200 ва 3000 долларлик тўрт хил тўплам кўринишида тақдим этилади. Ҳар бир вариант атиги 2026 нусхада ишлаб чиқарилади. Барча тўпламлар сотилиши натижасида 11,2 миллион доллардан ортиқ даромад олиниши кутилмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлга қадар АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. Ҳозирда турнир ғолиблиги учун, Франция, Испания, Англия, Норвегия, Аргентина ва Швейцария терма жамоалари кураш олиб бормоқда.
Live
Барчаси