FIFA Ўзбекистоннинг рақибига ЖЧда иштирок этишга рухсат берди
Спорт
−
25 Май 3413 2 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Конго Демократик Республикаси терма жамоаси футболчилари ва мураббийлар штаби Эбола эпидемияси муносабати билан белгиланган соғлиқни сақлаш чораларига тўлиқ риоя қилаётгани ҳамда Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун АҚШга хавфсиз кириши мумкинлиги ҳақида хулоса қилди. Бу ҳақда Конго ДР футбол федерацияси (FECOFA) хабар берди.
Жорий йилнинг 23 май куни федерация раҳбарияти FIFA вакиллари билан видеоконференция шаклида фавқулодда йиғилиш ўтказган. Конго томони футболчилар ва ходимларни Эбола вирусидан ҳимоя қилиш учун кўрилган чоралар ҳақида батафсил маълумот бериб, АҚШ ҳукумати томонидан белгиланган барча санитария талабларига амал қилинганини тасдиқлаган.
“FECOFA Жаҳон чемпионати учун танланган барча футболчилар, шунингдек, мураббийлар штаби аъзоларининг аксарияти Европада яшаб, фаолият юритишини аниқлади. Шу боис уларнинг вирус юқтириб олиш эҳтимоли бўйича хавотирга ўрин йўқ. Киншасадан Бельгиядаги ўқув-машғулот йиғинига жўнаб кетган техник ходимлар эса 20 май куни мамлакатни тарк этган ва АҚШга йўл олишдан аввал камида 21 кун Европада бўлишади”, дейилади федерация баёнотида.
Музокаралар якунларига кўра, FIFA ва FECOFA Конго ДР терма жамоаси барча зарур санитария талабларига жавоб бериши ҳақида хулосага келган.
Жорий йилнинг 23 май куни АҚШ расмийлари жамоа мамлакатга киришдан олдин 21 кунлик карантиндан ўтиши кераклигини маълум қилганди. Акс ҳолда, мамлакатдаги Эбола эпидемияси сабабли жамоа 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок эта олмаслиги мумкинлиги айтилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг апрель ойи охирида Конго Демократик Республикасида Эбола геморрагик иситмасининг янги авж олиши бошланган. 17 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Африкадаги ушбу ҳолатни халқаро миқёсда ташвиш уйғотувчи фавқулодда вазият деб эълон қилди. Ҳозирга қадар Эболага чалингани гумон қилинаётган 900 дан ортиқ ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг 101 таси расман тасдиқланган.
Конго ДР терма жамоаси Жаҳон чемпионатида “К” гуруҳидан ўрин олган. Жамоа турнирдаги илк учрашувини жорий йилнинг 17 июнь куни Хьюстон шаҳрида Португалияга қарши ўтказади. Шунингдек, Конго ДР Колумбия (23 июнь, Гвадалахара) ва Ўзбекистон (27 июнь, Атланта) терма жамоаларига қарши ҳам майдонга тушади.
Live
Барчаси