FIFA раҳбарияти фавқулодда йиғилишдан сўнг Инфантинони оқлади
Спорт
−
10:32 1115 2 дақиқа
Халқаро футбол федерацияси (FIFA) Работ шаҳрида бўлиб ўтган Ижроия қўмитаси йиғилишидан сўнг Инфантинони қўллаб-қувватловчи расмий баёнот эълон қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий саҳифаларида хабар берилди.
Йиғилишда FIFA президенти Жанни Инфантино билан боғлиқ вазият, жумладан, Жаҳон чемпионати ҳуқуқларини сотиш ҳақидаги таклиф юзасидан оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда FIFA бош котиби ва иштирок этган Ижроия қўмитаси аъзолари Жанни Инфантинони тўлиқ қўллаб-қувватлашларини билдиришди ҳамда унинг раҳбарлигидаги маъмуриятнинг 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионатини муваффақиятли ташкил этишга қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлашди.
“Марокашнинг Работ шаҳрида бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, FIFA бош котиби ва Ижроия қўмитаси аъзолари президент Жанни Инфантинони тўлиқ қўллаб-қувватлашларини яна бир бор тасдиқладилар ҳамда маъмуриятнинг 2026 йилги FIFA Жаҳон чемпионатини муваффақиятли ташкил этишдаги муҳим ҳиссасини эътироф этдилар. Йиғилишда шунингдек, FIFA Forward Enterprise (FFE) лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Таклифни тайёрлаш жараёнида хатоларга йўл қўйилгани тан олинди. FIFA Кенгаши ва аъзо ассоциациялар жараёндан четлатилгандек ҳис қилмаслиги учун уни бошқача тарзда ташкил этиш зарурлиги ҳақида келишувга эришилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситаларига маълумотлар тарқалиши ортидан ҳам қатор хатолар содир бўлгани таъкидланди. Юқорида қайд этилган таклиф қайтариб олинди ва энди у кўриб чиқилмайди. FIFA ўзининг яхлитлигига қарши қаратилган ҳар қандай ҳаракатларга тоқат қилмайди”, дейилади ташкилотнинг расмий баёнотида.
Маълумот учун, Жанни Инфантино 2016 йилнинг февралидан буён FIFA президенти лавозимида ишлаб келмоқда. У бунга қадар UEFA тизимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Инфантино FIFA’нинг тижорий ва ташкилий активларини хусусий инвесторларга сотиш орқали ўн миллионлаб фунт стерлинг даромад келтириши мумкин бўлган режани ишлаб чиқаётгани, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятига яқин шахслар билан музокаралар олиб борилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бу ташаббус бир қатор футбол ташкилотлари ва спорт арбоблари томонидан танқид қилинди.
Live
Барчаси