FIFA'нинг собиқ бош котиби коррупцияда айбдор деб топилди
Спорт
−
20 Декабрь 727 1 дақиқа
Швейцария Олий суди FIFA'нинг собиқ бош котиби Жером Вальке ҳамда бизнесмен Диноса Дерисани Жаҳон чемпионатларининг телевидение трансляцияси бўйича шартномалар юзасидан олиб борилган музокараларда коррупцияда айбдор деб топди. Бу ҳақда журналист Бен Жейкобс ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил июль ойида Валке ва Дерис порахўрликда айбланган эди. Суд қарорига кўра, Жером Вальке 2026 ва 2030 йилги Жаҳон чемпионатлари учун медиа ҳуқуқларини қўлга киритиш мақсадида тил бириктирганликда айбланиб, 11 ойлик шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Шунингдек, Вальке 1,25 миллион евро миқдоридаги порани олганлик ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилган. Суд ҳужжатларида таъкидланишича, ушбу учта тўловнинг коррупсион ҳаракатларини яшириш мақсадида собиқ FIFA бош котиби уларни ўз компаниясининг 2013 ва 2014 йиллардаги молиявий балансларида узоқ муддатли кредитлар сифатида расмийлаштирган.
Маълумот учун, Жером Вальке 2007 йилда FIFA бош котиби лавозимини эгаллаган. 2015 йилда у коррупция билан боғлиқ айбловлар сабаб лавозимидан четлатилган бўлса, 2016 йил январь ойида FIFA фавқулодда қўмитаси қарори билан расман ташкилот бош котиби лавозимидан озод этилган.