Фидан Дамашқда Жўлоний билан учрашди (видео)
Олам
−
00:29
5768Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан кеча, 22 декабрь куни Дамашқда Сурияда ҳокимят тепасига келган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шаро (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний лақаби билан машҳур) билан учрашди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Билдирилишича, учрашувда Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Нуҳ Йилмаз, Туркиянинг Дамашқдаги элчихонасининг муваққат ишлар вакили Бурҳон Керўғли ва Сурия муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири Асад Ҳасан ал-Шибоний ҳам иштирок этган.
Дамашқдаги музокаралар якунланганидан сўнг Фидан ва аш-Шаро (Жўлоний) қўшма матбуот анжуманида чиқиш қилди.
“Сурияда янги давр бошланди ва мен вазир Фиданни Дамашқда кутиб олишдан мамнунман. Сурия келажаги билан боғлиқ муаммолар ва масалаларни батафсил муҳокама қилдик. Биз ҳукуматнинг келгусидаги фаолияти ҳақида гаплашдик. Хусусан, мудофаа вазирлигининг аҳамияти ва қурол фақат давлат назоратида бўлиши кераклигини таъкидладик. Давлатдан бошқа ҳеч бир гуруҳ қуролга эга бўлмаслиги керак. Бизнинг назоратимиз остидаги ёки РКК/YPG (“Курдистон ишчилар партияси”/“Халқ мудофаа кучлари” террористик ташкилоти) назорати остидаги ҳудудларда ҳеч бир гуруҳнинг қўлида қурол бўлишини қабул қила олмаймиз”, деди Аҳмад аш-Шаро.
Шунингдек, у инқилобнинг бошиданоқ Туркия Сурия халқини қўллаб-қувватлаганини таъкидлади. Аш-Шаро Туркия ва Сурия ўртасидаги стратегик алоқаларнинг қандай ривожланажагини ҳам муҳокама қилганликларини билдириб, икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий стратегик алоқаларга эътибор қаратди.
Ўз навбатида, Хоқон Фидан Суриядаги энг оғир ва қоронғу давр ортда қолганини ва бундан яхши замонлар келишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Суриядаги барча этник, диний ва мазҳаб гуруҳлари бахтлироқ бўлади ва сурияликлар мамлакат келажагини белгилайди. Туркия Ташқи ишлар вазири Сурияни хавфсиз, эркин ва фаровон мамлакатга айлантириш фақат Сурия халқининг саъй-ҳаракатлари туфайли амалга ошишини қўшимча қилди:
“Бугун мен Дамашқдаман, биз сизни ёлғиз қолдирмаймиз, турк халқи, турк давлати ва Президентимиз жаноб Эрдўған сизни доимо қўллаб-қувватлайди.
Музокараларда биз Сурияда барқарорликни ўрнатиш энг устувор вазифа эканини таъкидладик. Бунга эришиш учун мамлакатда хавфсизликни, қонун устуворлигини ва озчиликларни ҳимоя қилишни таъминлаш керак. Барча диний ва этник гуруҳларни қамраб олувчи инклюзив бошқарувни яратиш керак. Ҳамма тинч-тотув яшайдиган ва адолат ҳукм сурадиган мамлакат қуриш янги Суриянинг энг катта ютуғи ва келажагининг кафолати бўлади. Туркия ўлароқ биз давлат институтлари ва бизнесни ислоҳ қилиш борасидаги тажрибамиз билан бўлишишга тайёрмиз. Президентимиз бу борада барча тузилмаларга зарур кўрсатмалар берди”, деди Фидан.
Вазирнинг сўзларига кўра, Суриядаги янги маъмурият ўз ваъдаларини амалга ошириш учун уларга имконият берилиши керак.
“Бугунги кунда халқаро ҳамжамият, айниқса минтақа давлатлари Сурия оёққа туриши ва миллионлаб қочқинлар ўз юртига қайтиши учун сафарбар бўлиши керак. Суриядаги аввалги режимга қўйилган барча санкциялар тезда бекор қилиниши керак”, деди вазир.
Фиданнинг қўшимча қилишича, аш-Шаро билан мулоқот чоғида у “янги Сурия раҳбариятининг бу йўналишда ишлаш учун кучли иродаси ва қатъиятини кўрган”, аммо бу “халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлашига муҳтож”.
Туркия Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Сурияда РКК/YPG террор ташкилотига жой йўқлигини айтди. Бундан ташқари, у бугунги ташриф бошқа давлатлар билан юқори даражадаги алоқаларга ҳисса қўшишига умид билдирди.
“Бутун халқаро ҳамжамият, хусусан, араб давлатлари Суриянинг янги маъмурияти билан ҳамкорлик қилиши керак. Биз имкон қадар тезроқ ҳаракат қилишимиз керак. Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига шубҳа йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Фурсатдан фойдаланиб, Сурияда РКК/YPG’га жой йўқлигини яна бир бор таъкидламоқчиман. Бу террор ташкилоти Сурия халқининг ерларини босиб олиб, табиий бойликларини ўғирламоқда. Бугунги учрашувимиз давомида Сурия халқининг РКК/YPG’га қарши курашда қанчалик иродали эканига яна бир бор амин бўлдим. Террор ташкилоти имкон қадар тезроқ тарқатиб юборилиши керак”, деди вазир.
Вазир Фидан Исроил Суриядаги вазиятдан фойдаланиб, Сурия ҳудудларини босиб олиш сиёсатини давом эттираётганига ҳам эътибор қаратди:
“Бунга чидаб бўлмайди. Биз халқаро ҳамжамиятни Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш учун овоз беришга чақирамиз”, деди у.
Қайд этиш жоиз, Хоқон Фидан Суриянинг янги раҳбарияти билан учрашган Ташқи ишлар вазири даражасидаги биринчи хорижий расмий шахс бўлди. Бунгача БМТнинг гуманитар масалалар бўйича бош котиб ўринбосари Том Флетчер, Британия вакили Энн Сноу ва Германия ташқи ишлар вазирлигининг Яқин Шарқ бўйича комиссари Тобиас Тункель ҳам Дамашқда Жўлоний билан учрашган.
Эндиликда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам Сурияга бориши кутилмоқда. ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан ортидан Сурияга ташриф буюриши мумкин. Бу ҳақда маълум қилди.
“Ташқи ишлар вазиридан кейин Президентимиз ҳам Дамашққа ташриф буюришни ўйлаяпти”, деди Туркиянинг Дамашқдаги вақтинчалик ишлар вакили Бурҳон Керўғли TVNET телеканалида.
У янги даврда Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатларнинг Усмонли империяси давридаги муносабатларга ўхшаш бўлишига умид билдирди.