Чарлз III АҚШга ташрифи нималарни англатади?

Таҳлил

image

Бугун бир неча кичик оролларгагина эгалик қилаётган Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги бир вақтлар тарихнинг энг қудратли империяларидан бири бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Ўз вақтида Ҳиндистондан тортиб Шимолий Америкагача бўлган улкан ҳудудлар Буюк  Британия Қироллиги номи остида бирлашган эди.

Аммо вақт ўтади, кучлилар заифлашади, саҳнага янги ўйинчилар чиқади. Бир вақтлар Британия Қироллиги таркибида бўлган Шимолий Америка аҳли мана 250 йилдирки бошқа байроқ ва бошқа қонунлар асосида   яшаб келмоқда. Замонавий дунёнинг башафқат рақамлари эса, бугун ўша мигрантлар давлати “кекса империялар”дан каррасига қудратлироқ бўлиб қолганига гувоҳлик беряпти.

2026 йил 27–30 апрель кунлари Чарлз III АҚШга илк расмий давлат ташрифини амалга оширди. Дональд Трамп таклифига биноан ўтказилган ушбу учрашув, Буюк Британия монархининг сўнгги қарийб йигирма йилдаги АҚШга қилган илк  давлат ташрифи бўлди. Расмий доираларда сафардан асосий мақсад АҚШ–Буюк Британия “махсус алоқалари”ни мустаҳкамлаш ва АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги фонида тарихий ҳамкорликни қайта таъкидлашдан иборат эканлиги айтган.

Шунга қарамай, воқелик тафсилотлари билан танишар экансиз дипломатик жиҳатдан ташриф мураккаб мазмунда ўтганини, собиқ мустамлака ва “эски хўжайин” ўртасидаги совуқ муносабатларни ҳис қилишингиз мумкин. Томонлар ўртасида анчадан бери мавжуд бўлган савдо ва хавфсизлик масалаларидаги муаммолар ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Оммавий ахборот воситаларини эса АҚШ раҳбарининг дипломатик этикетсиз қилган ҳазиллари ва унга қиролнинг моҳирона жавоблари портлатди.

Қиролнинг ташриф харитаси

Узоқ кутилган Чарлз III нинг АҚШга илк давлат ташрифи юқори сиёсий ва рамзий маъноларга бой бўлди. Дастлаб Буюк Британия томони расман 31 март куни Қирол Чарлз III нинг АҚШга бориши эълон қилинган эди. Сиёсий доираларда учрашув давомида икки томонлама муносабатлардаги тарангликлар — хусусан, савдо, НАТО ва Эрон можароси юзасидан музокаралар ўтказилиши таҳмин қилинган эди.

Ташриф 27 апрель куни Мериленд штатидаги “Joint Base Andrews” номли ҳарбий базага қўниш билан бошланди. Қирол ва қиролича Камилла дастлаб АҚШ протокол раҳбари Моника Кроули ҳамда Буюк Британия элчиси Сер Кристиан Тёрнер томонидан кутиб олинди, сўнгра Оқ уйда Дональд Трамп ва Мелониа Трамп билан учрашди. Шу куни Жанубий майсазорда қирол ва қиролича АҚШ биринчи хоними томонидан ташки этилган янги асалари уяси билан танишди. Бу воқеа “юмшоқ дипломатия” ва экологик кун тартибини акс эттирди. Кечқурун Британия элчихонасида 650 меҳмон иштирокида базим ташкил қилинди ва айнан бу ерда сўзланган нутқлар кўпкаб муҳокамаларга сазовор бўлди.

“Атрофимизни қуршаб турган гўзалликдан баҳра олар эканмиз, бизнинг авлодимиз ўта муҳим табиий тизимларнинг таназзулига қандай чора кўришни ҳал қилиши лозим. Зеро, бу таназзул табиатнинг уйғунлиги ва ҳаётий хилма-хиллигидан кўра анча жиддийроқ хавф туғдиради”, деди у.

Шунингдек Чарлз III Оқ уй раҳбарига кема қўнғироғини совға қилди. Маълум қилинишича, бу 1944 йилда хизматни бошлаган Британиянинг "HMS Trump" сувости кемасига тегишли қўнғироқ бўлган.

“Сизга шахсий совға сифатида сизнинг жасур номдошингиз рубкасида (бошқарув хонасида) осилиб турган асл қўнғироқни тақдим этишдан мамнунман. У мамлакатларимизнинг умумий тарихи ва порлоқ келажагининг гувоҳи бўлсин”, дейди Чарлз III.

28 апрель ташрифнинг энг муҳим сиёсий куни бўлди. Оқ уйда тўлиқ ҳарбий тантанали маросим  ўтказилди, ундан сўнг Овал кабинетда икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Шу куни Чарлз III АҚШ Конгресси қўшма мажлисида нутқ сўзлаб, демократия, НАТО, Украина ва иқлим масалаларида умумий қадриятларни таъкидлади. 28 дақиқа давом этган нутқ икки партия аъзолари томонидан ҳам ижобий кутиб олинди.

"Бош вазирим ўтган ой айтганидек, бизнинг ҳамкорлик ажралмасдир. Биз сўнгги 80 йил давомида бизни қўллаб-қувватлаб келган барча нарсани эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак. Бунинг ўрнига, биз бунга асосланиб ишлашимиз керак", деди қирол.

29 апрель куни қирол Ню-Ёркда 11-сентябрь мемориалига ташриф буюриб, фавқулодда хизмат вакиллари билан учрашди, сўнг Виржинияда АҚШ мустақиллигининг 250 йиллигига бағишланган тадбирларда қатнашди. Муҳим жиҳатлардан бири ҳозирда қироллик оиласининг расмий вакили ҳисобланмайдиган қиролнинг ўғли — Сассекс герцоги ва унинг рафиқаси Меган билан учрашмади.

Умуман олганда, ташриф давомида аниқ келишувлар эълон қилинмаган бўлса-да, у стратегик жиҳатдан “муносабатларни стабилизация қилиш”га қаратилди. Чарлз III ўз нутқи ва маросимлар орқали сиёсий кескинликни юмшатиш, трансатлантик ҳамкорликни рамзий ва институтсионал даражада қайта мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Шу маънода ташриф классик реалполитикдан кўра, норматив ва рамзий дипломатия воситаси сифатида намоён бўлди.

Австралия байроқлари

Байроқ шубҳасиз давлатнинг энг асосий давлат рамзларидан бири. Расмий тадбирларда бир давлатнинг байроғи ўрнига бошқа давлат байроғини илиш жиддий хато ҳисобланади, айниқса у Буюк Британиядек аҳамиятли давлат бўлса. Буни қарангки, 24 апрель куни Вашингтоннинг Колумбия округи расмийлари қирол Чарлз III нинг АҚШга ташрифи олдидан Оқ уй яқинида Британия байроқлари ўрнига янглишиб бир нечта Австралия байроқларини осиб қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аслида у қадар ҳам ўхшаш бўлмаган бу икки байроқнинг алмашиниши баъзилар томонидан шармандали хатолик сифатида талқин қилинган бўлса, баъзилар бунда ўзига хос сигнални кўрмоқда.

“Reuters” нашрининг хабар беришича, Британия монархини кутиб олиш учун осилган 230 дан ортиқ байроқлар орасида 15 та Австралия байроғи ҳам қисқа вақт давомида пайдо бўлиб қолган. Гарчи уларни тезкорлик билан Британия байроқларига алмаштиришга улгуришган бўлса-да, интернетда кўплаб шов-шувларга сабаб бўлди.

Бу воқелик қатор эътироз ва “мем”ларга сабаб бўлди. Янгилик ҳақидаги видеонинг изоҳлар қисмида одамлар АҚШ таълим тизмини қай даражада сифатсиз бўлиб кетганини эътироф этиб, ходимларни танқид қилишган. Манбалар бу воқеани Британияга нисбатан таҳқирлов эмас, балки "шармандали протокол хатоси" ва "географик саводсизлик" белгиси сифатида тасвирлаган.

Мамдани “Кўҳинур”ни қайтармоқчи

Бугунги кунда Британия музейи кўплаб халқларнинг маданий меросини ўзида жам этган ғаройиб маданий маскан. Бир вақтлар мустамлака бўлган кўплаб давлатларнинг қимматбаҳо артифактлари ҳамон усбу музейда сақлаб келинмоқда. Аммо энг қиммат экспонатлардан бири бугун музейда эмас,  Қиролича Елизавета тожига қадалган ҳолда сақланмоқда. Форс тилида "Нур тоғи" деган маънони англатувчи 105 каратли - товуқ тухуми катталигида – “Кўҳинур” олмоси узоқ йилдан бери Ҳиндистоннинг миллий тарихидаги муҳим антиквар ҳисобланади.

Дастлаб Ҳиндистоннинг Голконда конларидан топилган ушбу қимматбаҳо тош, 1849 йилда Англия-Сикҳ урушидан кейинги жазо шартномаси шартларига кўра британияликларга топширилган. Маълумотларга кўра, унинг вазни дастлаб 186 каратни ташкил этган, аммо британияликлар томонидан қайта йўнилгач деярли 40% оғирлигини йўқотган. Ҳиндистон “Кўҳинур” олмосини “миллатимиз тарихида чуқур илдизларга эга бўлган қадрли санъат асари”, деб эътироф этади ва уни қайтаришни бир неча бор Британия ҳукуматидан талаб қилган. Аммо неча йилдирки расмий Лондон бу талабни рад этиб келмоқда.

Асл келиб чиқиши Ҳиндистонлик бўлган Ню-Ёрк шаҳри мери Зоҳран Мамдани 11 сентябрь қурбонлари хотирасига бағишланган маросим олдидан ўтказилган матбуот анжуманида қирол Чарлз III билан учрашса Буюк Британиядан қимматбаҳо “Кўҳинур” олмосини қайтаришни сўраб кўришга ваъда берган эди.

"Агар мен қирол билан алоҳида гаплашсам, эҳтимол уни “Кўҳинур” олмосини қайтаришга ундаган бўлардим", деган эди у.

Маълум бўлишича кейинчалик Мамдани маросимда қирол Чарлз билан учрашган, аммо  олмос мавзусини кўтариб чиққанми ёки йўқми номаълум. Мамданининг офиси ҳам, Букингем саройи ҳам ўзаро мулоқот тафсилотларини ошкор қилмади аммо Британия ҳукумати бу гал ҳам рад жавобини берган бўлиши эҳтимоли юқори.

Шунга қарамай тобора ривожланиб, жаҳон саҳнасида катта аҳамият касб этиб бораётган Ҳиндистоннинг позицияси борган сари сиёсий доираларда жиддий қабул қилинмоқда. Жумладан, Қиролича Камилланинг тож кийиш маросимида Елизаветтанинг олмосли тожи ишлатилмади, чунки хабарларга кўра, агар у ишлатилса, Ҳиндистон билан дипломатик можаро келиб чиқиши борасида хавотирлар бўлган. Бунинг ўрнига, янги қироличага Қиролича Мариянинг тожи кийдирилган.

Тил ҳақида ҳазиллар

Дипломатик нутқлар “орқасида” доимо кўринганиданда муҳимроқ ишоралар бўлади. Минбар олдида айтилган нутқларни тўгридан-тўғри қабул қилиб бўлмайди, баъзан ҳазилга йўйилган гаплар ҳам жиддий позицияни ифодалаши мумкин.

Жорий йилнинг 21 январь куни Жаҳон иқтисодий форуми доирасида нутққа чиққан АҚШ раҳбари Дональд Трамп Американинг Иккинчи жаҳон урушидаги ўрнини анча баланд баҳолаб, АҚШ аралашувисиз Гитлер Европани босиб олишига ишора қилиб ҳазиллашган эди.

“Биз бўлмаганимизда, ҳаммангиз немисча ёки бироз японча гаплашаётган бўлардингиз, эҳтимол”, деган эди у.

Ўша вақтда ҳам бундай дипломатик этикетсиз айтилган ҳазил кўплаб эътирозларга жавоб бўлган эди. Аммо бу гал Буюк Британия қироли Чарлз III қайсидир маънода Трампдан “қасос олди”.

27 апрелда ташкил этилган базим доирасида Трампнинг олдинги баёнотига жавобан АҚШ мустақиллигидан олдинги Буюк Британия ва Франция таъсири остида бўлган Шимолий Американи ёдга олди.

“Мен эса шуни айтишга журъат этаман: агар биз бўлмаганимизда, сизлар французча гапирган бўлардингиз”, деган Трампнинг сўзларига жавобан Чарлз III.

Аслида ҳам айнан Британиянинг Шимолий Америка устидан назоратни қўлга олиши АҚШ ташкил топишига олиб келган дейиш мумкин. 1763-йилги Етти йиллик уруш натижасида Британия империяси "Янги Франция" устидан ғалаба қозониб, қитъада инглиз тили ва маданияти устуворлигини таъминлади. Бироқ уруш кейин янги хўжайинлар қолган қарзларни қоплаш мақсадида колонияларга оғир солиқлар солди. Французлар тазйиқидан қутулган ва иқтисодий босимдан норози колонистларда мустақиллик руҳи уйғонди.

Парадоксал равишда, Британиянинг бу йирик ғалабаси АҚШ мустақиллик урушига замин яратди. Агар французлар назорати сақланиб қолганида, бугунги глобал сиёсат ва маданият бутунлай бошқача кўринишда бўлар эди.

Хулоса қилиб айтганда, АҚШ ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ўртасидаги алоқалар ҳамкорлик алоқаларига асосланган эди, токи ҳокимият тепасига “ҳазилкаш” Трамп келмагунча. Бугун Трансатлантик иттифоқ тақдири мубҳам бўлиб қолмоқда. Европанинг энг асосий дўсти – АҚШ бугун ундан юз ўгирмоқчидек.  Чарлз III ҳам шуни тушуниб турибдики, Европага АҚШ, АҚШга эса Европа керак.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Чарлз III Қирол

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг